Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.04.2018 10:56 Чоп этиш версияси

Ёввойи сув қушлари ва қимматбаҳо мўйнали сув ҳайвонларини овлашга жисмоний шахсларга ҳам имтиёзли ҳуқуқлар берилади

Ёввойи сув қушлари ва қимматбаҳо мўйнали сув ҳайвонларини овлашга жисмоний шахсларга ҳам имтиёзли ҳуқуқлар берилади
Мамлакатимиз табиати ноёб ҳайвонот ва наботот оламига бой. 

Ўзбекистонда ҳайвонот оламининг 15,5 мингдан ортиқ, умуртқасизларнинг 15 мингга яқин тури бор. Уларнинг 77 тури Қизил китобга киритилган. Жумладан, олий (0-статус) мақомга мансуб битта тур, 1-мақом (статус)га эга 17 та тур, 2-мақомга мансуб 58 та тур ва ниҳоят, 3-мақомга эга бўлган битта тур Қизил китобдан жой олган. 18 та тур эндемик бўлиб, ундан учтаси Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмасининг Қизил рўйхатига киритилган.

Ўтган давр мобайнида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш мақсадида соҳага доир ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Бироқ, йиллар ўтиши билан амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқлар ва уни қўллаш механизмини такомиллаштириш талаб этилди. Шу мақсадда 2016 йил 19 сентябрда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда 2016 йил 21 сентябрда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.

Бугунги кунда мазкур қонунларнинг ижро этилиши ҳолати таҳлил қилинганида соҳадаги муносабатларни тартибга солиш билан ўзаро боғлиқ бўлган айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини кўрсатди. Жорий йилнинг 18 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазкур камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. 

Жумладан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг мажбуриятларини белгиловчи 35- ва 351-моддалари табиий ресурсларнинг турларидан бири бўлган ўсимлик дунёсига зарар етказилишига йўл қўймасликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилди. Бу билан сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига фақатгина ўрмонларга эмас, балки умуман ўсимлик дунёсига зарар етказилишига йўл қўймаслик каби мажбуриятлар юклатилди.

Шунингдек, сув объектларидан спорт ва ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлаш учун фойдаланиш шартлари ҳам аниқлаштирилди. Эндиликда балиқчилик хўжалиги ташкилотларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларида, балиқчилик питомникларида ҳамда ҳовуз хўжаликларида, шунингдек, овчилик-балиқ овлаш жамиятларига бириктирилган жойларда спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш уларнинг рухсатига кўра амалга оширилади.

Сувдан фойдаланиш учун имтиёзли ҳуқуқлар бериб қўйилиши мумкин бўлган субъектларни аниқлаштириш мақсадида «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 65-моддаси янги таҳрирда тасдиқланди. Унга кўра, ёввойи сув қушлари ва қимматли мўйна берадиган сув ҳайвонлари – қундуз, ондатра, сув каламуши, нутрия ва ҳоказолар яшайдиган дарёларда, кўлларда ва бошқа сув объектларида овчилик хўжалигини юритишни амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахсга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги органлари сувдан комплекс фойдаланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда сувдан фойдаланишга доир имтиёзли ҳуқуқлар бериши мумкин. Илгари фақат овчилик хўжалиги корхоналарига ва ташкилотларига бундай имтиёзли ҳуқуқ берилар эди. Энди эса овчилик хўжалигини юридик шахслар ҳам, жисмоний шахслар ҳам юритиши мумкин. Шу муносабат билан, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш овчилик хўжалигини юритаётган барча субъектларга бир хилда шароит яратишга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, қонунчиликдаги ушбу ўзгартишлар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини янада мустаҳкамлади.

Фарҳод Эсонов, ЎзА
5 118