ЎзА Ўзбек

15.08.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Ёшларнинг ташаббус ва лойиҳаларига 54 миллиард сўм сарфланади

Ёшларнинг ташаббус ва лойиҳаларига 54 миллиард сўм сарфланади
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалда

– Бугунги имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳар бир ёш келажакда нафақат ўзи ёки маҳалласига, балки бутун жамиятимизга наф келтирадиган тадбиркор бўлиб етишади, – деди Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ёшлар билан учрашувда. 

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимлари мутасаддилари, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этган учрашувда тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Учрашувда Жамғарма маблағларини ёшларнинг бизнес ташаббуслари, "стартап"лари, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишга сарфлаш масаласи муҳокама қилинди. Тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит бериш, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён сотиб олиш, уларни кўпайтириш ва сотиш ҳақида келишиб олинди.

Учрашувда ёш тадбиркорлар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди, аксариятига жойида ечим топилди.

– Банкдан кредит олиб, 5 гектар ерда ташкил қилган боғимиз қир-адирда жойлашган, – дейди ёш тадбиркор Одилжон Холов. – Боғни суғоришда муаммоларга дуч келаётган эдик. Энди муаммо қолмади. Томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш учун “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан 7 фоизлик имтиёзли кредит олишга эришдим.

Шунингдек, ёш тадбиркорлар орасидан суҳбат орқали саралаб олинган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман, шаҳар бўлимлари директорлари ёшларга таништирилди. Уларга ёшлар билан доимий алоқада бўлиши учун замонавий уяли алоқа воситалари тақдим этилди. 

Ў.Баротов, ЎзА
6 612