ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ёшларнинг сайловдаги фаол иштироки – демократиянинг муҳим омили

Ёшларнинг сайловдаги фаол иштироки – демократиянинг муҳим омили

Сирдарё вилояти Гулистон туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбати шундай номланди.

Вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, адлия ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман кенгаши вакиллари, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Сайлов билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳалигача яхлит бир шаклга келтирилмагани қайд этилиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ягона сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги таъкидланган эди. Шундан кейин мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

– 18 боб, 103 моддадан иборат Сайлов кодексидан барча саволларга жавоб топиш мумкин, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Олимжон Бозоров. – Уларни оддий сайловчи ҳам бемалол тушунади. Мазкур кодексга кўра, сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилади.

Ушбу Сайлов кодексида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг амалдаги 150 та депутатлик ўрни сақлаб қолинган ҳолда, депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш тартиби бекор қилинди. Энди депутатликка номзод кўрсатиш фақат сиёсий партиялар томонидан амалга оширилади.

Янгиликлардан яна бири – сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва у кодекс билан тартибга солинади. Бу сайловларнинг холис, очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчилар бир ёки бир нечта номзодни ёки партияни қўллаб, имзо қўйиши ҳам мумкин.

– Биз сайловни кимнидир сайлаш, танлаш жараёни деб тушунардик, – дейди Мирзо Улуғбек агросаноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сарвиноз Сафарқулова. – Бугунги давра суҳбатидан сўнг биз танлаган номзод ёки биз сайлаган депутат мамлакат ҳаётида, жамият тараққиётида жуда муҳим, ҳал қилувчи ўрин эгаллаши, у давлат бошқарувида иштирок этишини англаб етдик. Биз ёшлар ҳам сайлов жараёнига эътиборсиз, юзаки қарамаслик лозимлигини тушунган ҳолда бўлажак сайловларда фаол иштирок этамиз.

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

979
А.ҚАЮМОВ, ЎзА