Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.08.2018 18:02 Чоп этиш версияси

Ёшларнинг муаммолари ҳал этилмоқда

Қашқадарё вилоятида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Мазкур дастур ижроси доирасида вилоятда шакллантирилган 738 ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон юриб, ёшлар билан суҳбатлашди, муаммоларини ўрганди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Собир Мусулмонов. – Жумладан, ёшларнинг 118 мингдан зиёди ишсизлиги, 5 минг 240 нафари меҳнатга лаёқатсизлиги, 62 минг 817 нафари норасмий ишлаётгани, 786 нафари рўйхатсиз яшаб келаётгани, 28 минг 898 нафари уй-жойга муҳтожлиги, 4 минг 476 нафарининг оила қуриш истаги бору моддий томондан қийналаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уйма-уй юриш мобайнида 5 минг 23 хонадон ўз томорқасидан унумли фойдаланмаётгани, 12 минг 445 хонадонда ичимлик суви таъминоти яхши эмаслиги, 218 та қаровсиз ва 151 та фойдаланилмаётган нотурар жой бинолар борлиги ва уларнинг 117 тасини ижара асосида тақдим этиш имконияти мавжудлиги аниқланган.

Ишчи гуруҳлар томонидан ёшларни қийнаб келаётган айрим муаммо ва камчиликлар ўз жойида бартараф этилган. Хусусан, фуқаролик масалалари юзасидан 556 нафар ёшнинг биометрик паспорт олишига амалий ёрдам кўрсатилди. Юзлаб ёшлар ёш тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. 51 нафар ёшга ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия буюмлари ва тиббий асбоб-ускуналар топширилди. 29 нафар ёшга такрорий экин экиш учун 26,2 гектар ер майдони ажратилди. 928 хонадоннинг томорқадан самарали фойдаланиши таъминланди.

Вилоятнинг 15 та шаҳар-туманида биттадан меҳнат гузари, Қарши шаҳри ва Миришкор туманларида биттадан “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари қурилмоқда.

Ички ишлар бўлимларида профилактик ҳисобда турган 3 минг 152 нафар ёшнинг 214 нафари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши кафиллиги асосида рўйхатдан чиқарилган. Турли жиноятлар содир этган 30 дан ортиқ ёшларнинг ҳаракати сайёр суд орқали маҳаллаларда муҳокама қилингани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилди.

Бугунга қадар аниқланган муаммолардан 9 минг 741 таси жойида ҳал этилган. Ўрганишлар тўлиқ якунига етгач, Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ҳудудий комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни самарали ташкил этиш юзасидан 2018-2022 йилларга мўлжалланган "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш белгиланган.

Бу саъй-ҳаракатлар яқин келажакда ўз самарасини беради, албатта.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 914