ЎзА Ўзбек

06.01.2018 14:33 Чоп этиш версияси

Ёшларни “Темурбеклар мактаби”га қабул қилиш шартлари қандай?

Ёшларни “Темурбеклар мактаби”га қабул қилиш шартлари қандай?
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши ўтган йили мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бўлди. Фармон бандларидан бирида “Буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилсин”, деб белгиланган.

Ватан ҳимоячилари куни арафасида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Тошкентдаги “Темурбеклар мактаби” директори ўринбосари, подполковник Қамбарали Азизов билан ўқув масканига янги ном берилганидан сўнг амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар тўғрисида суҳбатлашди. 



– Ёдингизда бўлса, Тошкентдаги “Темурбеклар мактаби”га янги ном берилиши муносабати билан ўтган йили сентябрь ойида ўтказилган тақдимотда Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовнинг Соҳибқирон Амир Темур образида ўқиган монологи тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирган эди...

– Ҳақиқатдан ҳам, таниқли санъаткорнинг чиқиши мазкур тантанали маросимнинг унутилмас воқеаларидан бири бўлган. Чунки Амир Темур ушбу монологи орқали кўз ўнгимизда Ватанини юксак қадрлайдиган, ўз халқига ғамхўр, унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр, жасур ва адолатпарвар шахс сифатида намоён бўлади. Ёшларда ана шундай юксак фазилатларни тарбиялаш жамоамизнинг муҳим вазифасидир.

– Мамлакатимиздаги ҳарбий академик лицейларни ислоҳ қилиш босқичлари ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

– Биринчи Президентимизнинг 2007 йил 22 майдаги "Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Тошкентда ҳарбий-телекоммуникация, Самарқандда ҳарбий-қурилиш, Фарғонада ҳарбий-техник, Урганчда ҳарбий-юридик соҳаларга ихтисослашган академик лицейлар ташкил этилди. 



Ушбу ҳужжатга мувофиқ, лицейлар юртимиздаги олий ўқув юртларига бириктирилди. Булар: пойтахтимизда – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Самарқандда – Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Фарғонада – Фарғона политехника институти, Урганчда – Урганч давлат университети.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги фармонига мувофиқ, барча академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди ва улар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони тарихий воқеа бўлди, деб ҳеч муболағасиз айта оламан, негаки унда ёшларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрнини оширишга хизмат қиладиган кўп вазифалар белгиланган. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

– Ўқув масканига янги ном берилганидан сўнг таълим жараёнида қандай ўзгаришлар рўй берди?

– Табиийки, буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий-маънавий меросини ўрганишга бағишланган машғулотлар ҳажми оширилиши муносабати билан ўқув режаси ва дастурларига жиддий ўзгартишлар киритилди. Ҳар йили анъанавий тарзда “Амир Темур авлодларимиз” номли спорт мусобақалари ўтказилмоқда. 



Таълим даргоҳимизнинг ўқув-моддий базасини янги плакатлар, кўргазмали воситалар, турли адабиётлар билан бойитишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳиссаси катта бўлди.

– Ёшларни Миллий гвардиянинг Тошкентдаги “Темурбеклар мактаби”га қабул қилиш шартлари қандай?

– Барча ана шундай ўқув масканларида, улар қаерда жойлашганидан қатъий назар, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ёки Урганчда бўладими, қабул қилиш шартлари бир хил. Мактабимизга умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатган, уч саралаш босқичидан ўтган ёшлар қабул қилинади. Биринчи – дастлабки босқич яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлими томонидан ўтказилади. Иккинчи босқич – вилоятлар мудофаа ишлари бошқармаларининг ҳарбий профессионал саралаш босқичи ва учинчиси – давлат тест синовларидир. Тест синовлари “Темурбеклар мактаби”да бўлиб ўтади. Табиийки, номзодлар ҳарбий хизмат учун соғлом бўлиши лозим.

Давлат имтиҳон комиссиясининг қарорига мувофиқ, хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларининг фарзандлари – тегишли идора ёки вазирликнинг ёзма илтимосномасига кўра синовнинг биринчи босқичидан ўтган ёшлар тест синовларидан озод этилиши мумкин.

Шунингдек, халқаро ва фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият вазирликлари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган турли мусобақалар ғолиблари ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази гувоҳномасига эга бўлган ҳолда, тест синовларидан озод этилади.

– “Темурбеклар мактаби” ўқув маскани мавқеининг ошиши муносабати билан унинг ўқитувчилар таркибига номзодларни қабул қилиш талаблари қай даражада ўзгарди?

– Албатта, бу борада ҳам талаблар ошди. Чунки ёшларда Ватанга садоқат, мардлик, фидойилик ва одиллик каби юксак инсоний фазилатларни тарбиялашда устознинг ўзи барчага ўрнак бўлиши лозим. У камида ўн йиллик педагогик фаолиятга эга, ижодий изланувчан, юксак маънавиятли инсон бўлиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ва мақолалари билан оммавий ахборот воситаларида иштирок этиб бориши лозим.

“Темурбеклар мактаби” бўлим қўмондонлари лавозимига кадрлар шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар томонидан “Энг яхши касб эгаси” унвони учун ўтказиладиган танлов ғолиблари ҳамда ҳарбий округлар Сержантлар тайёрлаш мактабини битирган мутахассислар орасидан танлаб олинади.

– Ўқувчиларингиз учун “Темур тузуклари”нинг қайси шиори энг муҳим саналади?

– “Куч – адолатдадир”. Мактабимиз ўқувчилари спорт залларида мунтазам шуғулланади, лекин айни пайтда улар куч фақатгина адолат ва унинг ҳимояси йўлида ишлатилиши лозимлигини доимо ёдда сақлайди. Буюк Амир Темур номига муносиб бўлишга интилишимизнинг боиси ҳам шунда.

Аблай Камолов, ЎзА
83 702