ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Ёшларни ишга жойлаштириш бўйича Тошкент шаҳар тажрибаси​

Ёшларни ишга жойлаштириш бўйича Тошкент шаҳар тажрибаси​

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ishga marhamat” мономарказида “Ёшлар бандлигини таъминлашнинг Тошкент шаҳар тажрибаси” мавзусида анжуман ташкил этилди.

2019 йил сентябрь ойида фаолият бошлаган “Ishga marhamat” мономаркази аҳолини касб-ҳунарга ўргатишда амалга оширилаётган самарали лойиҳалардан бири бўлди. Муассасада 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилган бўлиб, бунинг учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Марказ йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга.

photo5424909184136228426.jpg

Ёшлар “Ishga marhamat” мономаркази фаолияти билан танишди.

– Бу ерда кўплаб касблар ўргатилишига гувоҳ бўлдик, – деди тумандаги 152-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Иброҳим Ғаффоров. – Мен келажакда уй-жойни лойиҳалаштирувчи архитектор бўлмоқчиман. Бунинг учун астойдил ҳаракат қиламан. Ушбу мономарказга келиб, тил ва касб-ҳунар ўрганиш ниятим ҳам йўқ эмас.

photo5424893778088537748.jpg

Мономарказга келганларга аввало, бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Доимий ишга эга бўлмаса, бўш иш ўринлари таклиф этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар доимий квотали иш билан таъминланиши ҳам мумкин.

Шунингдек, касбий малака талаб этиладиган ишни танлаганлар шу ердаги ўқув курсларига жалб қилинади. Марказда инглиз, турк, япон, хитой, корейс ва рус тилларини ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар фаолият юритмоқда. Ушбу курсларда бошқа мамлакатларда ишлаш истагини билдирган фуқароларга хорижий тиллар ўргатилади. Мономарказ хизматидан фойдаланаётган ва касб-ҳунар ўрганиш истагида мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини аёллар ташкил қилмоқда.

photo5424909184136228428.jpg

Яқинда Президентимиз “Ishga marhamat” мономаркази фаолияти билан танишиб, бундай марказлар одамларнинг талаб бор касбларни тезда ўрганиб, ўз ишини топиши учун жуда муҳимлигини, бўш турган коллеж ва бошқа биноларни таъмирлаб, Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани, шунингдек, барча вилоятларда шундай муассасалар ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган эди. Ушбу ташаббус 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ўз ифодасини топди.

Дастурда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ishga marhamat” мономарказлари ташкил этилиб, уларда биринчи навбатда, ишсиз ва камбағал оилалар аъзоларини тадбиркорлик асослари бўйича касбга ўқитиш белгиланди. Худди шу каби мономарказлар ва касбга тайёрлаш марказлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг шаҳар ва туманларида ҳам босқичма-босқич ташкил этилади.

photo5424909184136228427.jpg

– Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг аҳолиси 2,4 миллион кишидан ошди, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Дурдона Раҳимова. – Шундан 435 минг 397 нафарини ёки аҳолининг 18 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Улар фаолияти таҳлил қилинганда, ёшларнинг 1 фоизи ёки 5 минг 759 нафари иш билан банд бўлмаган, уларнинг 3 минг 37 нафари уюшмаган, 2 минг 51 нафари таълим муассасалари ва муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб иш топа олмаган, 524 нафари имконияти чекланган ва 147 нафари жазони ўташ муассасаларидан озод бўлган ёшларни ташкил этиши аниқланди. Жорий йилда Тошкент шаҳар ва туманнинг 4 та сектор раҳбарлари 5 минг 759 нафар банд бўлмаган ёшнинг 71 фоизини, яъни 4 минг 102 нафари бандлигини таъминлашни режалаштирган.

photo5424909184136228429.jpg

Анжуман доирасида Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ishga marhamat” мономаркази билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ўртасида ўзаро хамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандумга кўра, 2020-2025 йилларда Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ishga marhamat” мономаркази билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ўртасида пойтахтимиздаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Анжуман доирасида “Ishga marhamat” мономарказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти таъсис этилди. 

photo5424909184136228430.jpg

3 556
Хуршид ҚОДИРОВ, Темур МАМАДАМИНОВ​ (сурат), ЎзА