ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёшларга рағбат керак, қолганини ўзи эплайди

Ёшларга рағбат керак, қолганини ўзи эплайди
Президентимизнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригини фарғоналик ёшлар катта мамнуният билан кутиб олдик. Унда билдирилган ишонч бизни янада улкан марралар сари руҳлантирмоқда.

Рости, пандемия шароитида ҳам ёшлар масаласи ҳеч қачон эътибордан четда қолгани йўқ. Уларнинг бандлигини таъминлаш, таълимдан узилиб қолмаслиги учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш борасидаги ишлар бунинг ёрқин мисолидир.

Вилоятдаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда ўтказилган хатловларда ишсиз ва банд бўлмаган 49 минг 168 нафар ёшлар аниқланди. Манзилли режа ва “Йўл харитаси” тасдиқланиб, жорий йилда 37 минг 171 нафар ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қартиляпти. Вилоят, барча шаҳар, туман ҳокимликларида ҳоким ва сектор раҳбарлари бошчилигида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 18 та йўналишда 33 минг 449 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон – Корея халқаро университети ташкил этилиб, янги бино қурилганлиги вилоят ёшлари учун катта имконият бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида олий таълим муассасаларида “Бизнес акселератор”лар ташкил этиш ғояси Фарғона шаҳридаги ушбу олий ўқув юртида илк бор ташкил этилганлиги янада қувончли бўлди.

Табрикда Фарғона шаҳрида “Лойиҳалар фабрикаси”нинг фаолияти йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди. Албатта, бу бежиз эмас. Фабрикани очишдан асосий мақсад – ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш учун ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда фарғоналик ёшларни тадбиркорликка кўпроқ жалб қилиш. Бу ерда тадбиркорлик лойиҳасига эга ёшларнинг фикрлари эшитилади. Лойиҳалар бу ерда ишловчилар томонидан ҳисоб-китоб қилинади ва инвесторлар ҳамда тижорат банкларига тавсия қилинади. Бу иқтидорли ёшлар учун жуда катта имконият. Эндиликда улар ўз ғояларини амалга ошириш учун бемалол бу ерда иш олиб бориши мумкин.

Айни кунларда вилоят ҳокими шаҳар ва туманларда мактаб битирувчилари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказяпти. Уларнинг орзу ва умидларини тинглаб, муаммоларини ўрганмоқда. Бу учрашувлар давомида ёшларимиз ўзларининг азму шижоатларини намойиш этаётгани, уларнинг бирор таклифи эътибордан четда қолмаётгани ҳам аслида катта далда бўлаётир. Ёшларга бироз рағбат керак холос. Улар катта кучга эга эканлигини амалий ишларда кўрсатишга қодир.

Президентимизнинг юксак ишончи биз ёшларни Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда буюк ишларга ундайди.

Аҳаджон Акбаров,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 
Фарғона вилоят кенгаши раиси​

2 389
ЎзА