Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:49 Чоп этиш версияси

Ёшларга кўмакдош бўлиб...

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини бу йил тамомлаган Анвар турмуш ўртоғи Умидахон билан бирга "Ёш оилалар ва қизлар" I Республика форумида иштирок этди. Уларнинг ёш оилаларга оид адабий-маърифий китобларнинг сараланган рўйхатини шакллантириш ва тарғибот этиш бўйича билдирган таклифлари мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган уюшмаган ёшларга оид республика форуми йигит-қизларнинг илғор фикр ва мулоҳазалари, амалий таклифларига бой бўлди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида мазкур лойиҳа якунига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар ёшларнинг барча қатламлари манфаатларини ифодалаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш масаласи Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янгича маъно-мазмун билан бойиганини таъкидлади.

Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, олис ва чекка туманлар, қишлоқларда хонадонма-хонадон юриб, ёш оилалар, уюшмаган ёшларнинг кундалик ташвишлари, ўй-хаёллари, орзу-интилишларини кенг ва атрофлича ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мавжуд долзарб масалаларга турли ташкилотлар билан биргаликда тез, ўз вақтида, оқилона ечим топиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилган "Ёш оилалар ва қизлар" I республика форуми доирасидаги мулоқотлар, давра суҳбатлари, учрашувларда бу борадаги ишларни замон руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйишнинг истиқболлари белгиланди. Ёшларни мафкуравий таъсирлардан асрашга доир китоблар тақдимоти, китобхонлик акциялари юртимиз нашриётларида кейинги пайтларда чоп этилаётган энг сара, бадиий жиҳатдан пухта адабиётлар ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлиш имконини берди.

Ёшлар ижод саройида ўтказилган учрашув ҳамда маҳорат сабоқлари қизларга қўшимча ҳунар сирларини ўрганиш, ўқув марказлари ва касбларга оид курслар тўғрисида маълумотга эга бўлишда катта аҳамиятга эга бўлди. Соғлом турмуш тарзига бағишланган акция форумга ёшларга хос жўшқинлик бағишлади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси тақдимоти бўлиб ўтди. Унга кўра юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати, соҳага оид ислоҳотлар аҳамияти ва моҳиятини ёш хотин-қизлар, ёш оилалар ўртасида кенг тарғиб этиш, уюшмаган қизлар билан ишлашда натижадорликка эришиш, қизлар тарбиясига эътиборни кучайтириш, уларни маънавий таҳдидлардан ҳимоялаш каби кўплаб масалалар кўзда тутилган. Тадбир доирасида "Қизларжон" клубининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 192






Все о погоде - Pogoda.uz