ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ёшларга имконият берилмоқда​

Ёшларга имконият берилмоқда​
​Қишлоқ хўжалиги

Юртимиз тупроғи шу қадар унумдорки, йилнинг тўрт фаслида ҳам дастурхонимизда сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари бисёр. 

Бу борада Тошкент вилояти ёшлари ҳам яратилган имкониятларга “лаббай” дея жавоб бермоқда. Бугунги кунда вилоятда 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизларни иш билан таъминлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда 525 минг 289 нафар ёш истиқомат қилаётган бўлиб, шундан иш билан банд бўлмаган йигит-қизлар 21 минг 298 нафарни ташкил қилади. Уларнинг орасида уюшмаган ёшлар, таълим муассасаларини битирганлар, имконияти чекланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар ҳам бор. Ҳозир ёшлар асосан агрокластерлар, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик соҳалари ва томорқачилик, хусусан, иссиқхона хўжаликларига ишга жойлаштирилаяпти. Бунда “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси, “Ёшлар келажагимиз” ва “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастурлари, меҳнат ярмаркалари муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Жорий йилнинг бугунги кунига қадар ишсиз йигит-қизлардан 14 минг 537 нафарининг бандлиги таъминланди. Уларнинг асосий қисмини уюшмаган ёшлар ташкил қилади.

Шу кунларда вилоятда хайрли бир ишга қўл урилди. Бўка, Тошкент, Оҳангарон ва Паркент туманларида “Ҳар бир ёшга – бир гектар” акцияси асосида ишсиз юрган йигит-қизларнинг ҳар бирига сувли майдонлардан 20 сотихдан бир гектаргача ер ажратилди. Уларга мевали дарахт кўчатларини экишга зарур техникалар билан ёрдам бериляпти. Ҳозиргача жойларда 315 нафар ёшга 152,5 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Хусусан, Бўка туманида жорий йилнинг 20 март куни “Бўка” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган ер майдонларидан “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси доирасида ишсиз 70 нафар ёшга 70 гектар ер майдони ажратилди. Уларнинг ҳар бири эса 2 нафардан ёшни ишга жалб қилиши натижасида 250 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. 

Тошкент туманида ҳам ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга мўлжалланган “Манзилли режа” асосида “Чувалачи” ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан ишсиз бўлган 5 нафар йигит-қизга суғориладиган ерлардан жами 2,5 гектар ер берилди.

– Ушбу хайрли ташаббусда биз ҳам фаол қатнашдик, – дейди “Абдумалик Муҳаббат агро файз” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Абдусатторов. – Хўжалигимиз 14 гектар ер майдонига эга бўлиб, турли сабзавот маҳсулотларини етиштирамиз. Туманимизда ер билан тиллашадиган, иштиёқи баланд икки нафар йигитимизни қўллаб-қувватладик. Шу мақсадда уларга картошка экиш учун 70 сотих, сабзи учун 30 сотих ер майдони берилди. Келгусида улар ўз меҳнати билан оиласи ва юртимизга фойдаси тегишига ишонаман.

Оҳангарон туманида ҳам бундай тадбирлар амалга ошириляпти. Умуман, 40 нафар ишсиз йигит-қизга 40 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда бериладиган ер майдонлари аниқланиб, уларни оталиққа олувчи фермер хўжаликлари ёрдамида майдонларга экинлар экилмоқда. Жумладан, “Эйвалек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ohangaron Milk Produksion” МЧЖга қарашли дала майдонида 10 нафар ёшга 10 гектар ер майдони ажратилди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги техникалари билан ерга ишлов берилиб, 100 туп олма кўчати, картошка ва беда экилди. Айниқса, эртаки тарвуз маҳсулотини етиштиришда оҳангаронлик ёш миришкорларнинг тажрибасидан ўрганса арзийди. Полиэтилен плёнка қопламаларидан фойдаланган ҳолда етиштирилган тарвузларни май ойининг биринчи ўн кунлигида тайёр қилиш кўзда тутилмоқда.

Вилоятдаги бундай хайрли тадбирлар бошқа туманларда ҳам давом эттирилмоқда. Масалан, Паркент туманининг Сўқоқ қишлоғида истиқомат қилувчи 200 нафар йигит-қизга “Чашма” МФЙдан 20 сотихдан, жами 40 гектар ер берилди. Шундан 6 гектар майдонга узумнинг “Кишмиш” нави экилди. Қолган 36 гектар майдонга ҳам узумнинг бошқа навлари экилиши режалаштирилган. Зангиота туманида эса 52 нафар ёшга буғдойдан бўшаган ерлардан 40 гектар ажратилиши режалаштириляпти.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳсулот етиштириш ҳажми ва турини кўпайтириш, қишлоқ аҳолиси даромади, турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ҳам берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, кафтдек ердан мўмайгина даромад олишга интилаётган деҳқонларни юртимизнинг ҳар гўшасида учратиш мумкин. Айниқса, Тошкент вилояти ёшлари ҳар бир вақтни ғанимат билиб, аҳолининг турмушини обод қилишга интилмоқда.

590
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА