Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 11:12 Чоп этиш версияси

Ёшларга фирибгарликка оид жиноятларнинг ўзига хос жиҳатлари ва кўринишлари ҳақида маълумот берилди

Андижонда фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳамда фирибгарлик жиноятининг олдини олиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, вилоят суди, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, ўқувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди.

– Таҳлилларга кўра, юртимизда содир этилаётган жиноятларнинг кўп қисми фирибгарликка оид жиноятлардир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Воҳиджон Назаров. – Бугунги тадбир бу каби жиноятларнинг олдини олиш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, аҳолининг ҳуқуқий билимини янада юксалтиришга қаратилган.

– Тадбирда иштирок этиб, фирибгарликка оид жиноятларнинг ўзига хос жиҳатлари ва кўринишлари ҳақида кенг маълумотга эга бўлдим, – дейди Андижон машинасозлик институти қошидаги 2-академик лицей директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муҳайё Тожибоева. – Бу келгусида ўзимиз фаолият юритаётган таълим муассасасида фирибгарлик, умуман, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
8 858