ЎзА Ўзбек

20.08.2018 18:41 Чоп этиш версияси

Ёшларда тадбиркорлик, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга қаратилган 53 та лойиҳа учун 1,5 миллиард сўм ажратилди

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси барча соҳалар каби нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу мазкур комиссия фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини фаоллаштириш ҳамда давлат томонидан рағбатлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари, аҳоли манфаатлари йўлида ташкил этаётган тадбирлари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани яхши самара бермоқда.

Жорий йилда комиссия режасида давлат гранти ажратиш бўйича бешта танлов лойиҳаси назарда тутилган эди. Йиғилишда шундан тўрттаси амалга оширилгани, ажратилган суммалар, лойиҳалар учун мурожаатлар ва режадаги танлов лойиҳалари юзасидан маълумотлар берилди.

Ўтказилган давлат грантининг иккита танловига жами 316 ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан 338 лойиҳа қабул қилинди. Ёш авлодни маънан етук, соғлом этиб тарбиялашга, уларда тадбиркорлик, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга қаратилган 53 лойиҳа учун 1,5 миллиард сўм ажратилди.

Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида уюшмаган ёшлар ўртасида китобхонлик кўникмаларини шакллантириш, “Адабиётга эътибор – маънавиятга эътибор”, “Мен севиб ўқиган китоб”, “Энг яхши китобхон” танловларини ташкил этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли фан, спорт тўгараклари фаолиятини юритишга алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳолининг ижтимоий-маънавий, экологик, тиббий маданиятини оширишда, ижтимоий тадбиркорлик, туризмнинг инновацион турларини жорий этишда ННТлар фаоллигини кучайтириш мақсадида 43 та ижтимоий аҳамиятга эга деб топилган лойиҳаларни 1,25 миллиард сўмга молиялаштириш режалаштирилди.

Тадбирда юртимизда яшаб келаётган турли миллат ва элат вакилларининг миллий анъаналари, урф-одатлари, удумларини сақлаш, миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик, бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида “Жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тинчлик, ўзаро меҳр-оқибат ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантириш” мавзусида давлат гранти асосида бешинчи танлов юзасидан таклифлар билдирилди.

Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ўрганиш юзасидан маълумотлар берилди. Камчиликларни бартараф этишда соҳа вакиллари учун семинар-тренинглар ташкил этиш яхши самара бериши таъкидланди.

Лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфлангани ёки ишлатилмаганлиги аниқланган тақдирда уни давлат ҳисобига қайтариш юзасидан тушунтириш берилди. Парламент комиссияси келгусида амалга ошириладиган ишларнинг режасини тақдим этди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 511