ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёшлар жамиятнинг муҳим бўғини

Ёшлар жамиятнинг муҳим бўғини

Ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти юртнинг етакчи кучи – ёшлар тарбияси, уларнинг ватанпарварлиги, замонавий касбларни эгаллаш даражаси билан чамбарчас боғлиқ.

Ёшлар жамият учун «янги қон» вазифасини ўтайди. Бу жараёнда уларнинг янги ташаббус ва ғоялари, билим ва интилишлари алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юксак маънавиятли, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг келажаги учун жавобгарлик ва масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.

YVV_3257.JPG

Бугун давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга йўллаган табригини тинглаб, ниҳоятда руҳланиб кетдик. Чунки Юртбошимизнинг табригидаги ҳар бир даъвати ва сўзлари қалбимизни тўлқинлантириб юборди.

Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам ёшларга доимий равишда эътибор берилиб, зарурий шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Айни пайтда ушбу гигант корхонада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшлар етакчилари Кенгаши раиси ва еттита йирик бўлинмаларда бошланғич ташкилотлар етакчилари лавозимлари жорий этилган, 118 та бошланғич ташкилотлар етакчилари жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда. 

YVV_7467.JPG

Комбинат тизимида 15 минг нафардан зиёд ёшлар меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг уч мингга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Комбинатда ишчилар ва муҳандис-техникларнинг ўртача ёши ўттиз еттида, раҳбар ходим ва мутахассисларнинг ўттиз фоизи ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Бу рақамлар, шак-шубҳасиз, корхонада ёшлар етакчи, шунинг билан бирга, ҳал қилувчи куч эканлигини тасдиқлайди.

Юртбошимизнинг ўтган йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида таъкидлаган: «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади» деган даъватларидан келиб чиқиб, комбинатда 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, уни амалга оширишга 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. 

DSC_5964.JPG

Мазкур дастур йўналишларининг асосий мақсади – ёшларнинг таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, уларнинг инновацион ишланмалари ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик акцияларини ташкил этиш ҳамда 5 та муҳим ташаббусни амалга оширишдан иборатдир.

Жорий йилни комбинат ёшлари жуда катта ташаббусларни амалга оширишдан бошлади. Жумладан, февраль ойида Навоий кон-металлургия комбинатининг 100 нафар ёш ишчи-ходимидан иборат кўнгиллилар жамоаси «Орол тақдири – келажак авлод тақдири» шиори остида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидан 100 километр узоқликда, Орол денгизининг қуриган тубида 87 минг тупдан ортиқ саксовул кўчатларини ўтқазиб, фидоийлик намуналарини кўрсатди.

GVV_7934.JPG

Бундан ташқари, комбинат ёшлари жорий йилда Навоий шаҳри, Томди тумани ва Зафаробод қўрғонида 30 гектарлик «НКМК ёшлар боғлари»ни яратди. Улар шижоати билан қадаган ниҳоллар бугун кўкка қараб бўй чўзаётир. Кунлар келиб бу боғзорлар нафақат ҳудудларга кўрк бағишлайди, балки тотли мевалари билан дастурхонларни мўл-кўл этади. Яна бир ташаббус. Комбинат ёшлари ушбу боғзорлар оралиқ қаторларини бўш қолдирмай, сабзавот, полиз, дуккакли экинлар экишди. Айни пайтда ердан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар қўшимча маҳсулот олиш имконини беради.

Мамлакатимизда давом этаётган коронавирус пандемияси даврида ҳам корхона ёшлари тингани йўқ. Ташаббусни қўлга олиб, кўнгиллилар сифатида тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этмоқда. Мураккаб паллада меҳнат жамоасини хайр-саховатга даъват этиб, мурожаатлар билан чиқмоқда.

«Ёшлар ойлиги»ги доирасида Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида қатор маданий-маърифий тадбир ва акциялар амалга оширилди. Жумладан, «Заковат» интеллектуал ўйини, “Ҳар ҳафтада бир китоб” ва «5 ташаббус уйимизда» онлайн танловлари, «Назм ва наво кечаси», давлат мукофоти соҳиблари, ёш раҳбар кадрлар ва ёшлар учрашувлари видеоконференция тарзида ташкил этилди. 

Хайрли ишларни давом эттириш мақсадида кўнгилли ёшлар карантин қоидаларига риоя этган ҳолда «Қосим Шайх» мажмуаси, «Бедар ота», «Қанарбай ота», «Қўчқор ота» каби зиёратгоҳларда тозалаш ва ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшди. Шунингдек, қон топшириш акциясида фаол иштирок этди.

Ёшлар куни муносабати билан комбинат ёшлари номидан мамлакатимиз ёшларини чин қалбдан табриклаймиз.

Санжар РАЖАБОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
НКМК ёшлар етакчилари Кенгаши раиси

2 402
ЎзА