ЎзА Ўзбек

15.08.2018 13:06 Чоп этиш версияси

Ёшлар зўравонликсиз ҳаёт тарафдори

Ёшлар зўравонликсиз ҳаёт тарафдори

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Green Paradise” оромгоҳида бўлиб ўтаётган “Биз зўравонликсиз ҳаёт учун!” ўқув-семинарида кўнгилли ёшларга ҳаётда учраб турадиган зўравонликларга қарши курашиш усуллари, тинч ҳаёт таъминланиши учун ёшлар қандай ҳисса қўшиши ўргатилмоқда.

Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази томонидан ташкил этилган тадбирга мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳаётда бўлаётган жараёнларга бефарқ бўлмаган фаол ёшлар жалб этилган.

Ўзбекистонда одам савдоси ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни изчил амалга ошириб келаётган “Истиқболли авлод” ташкилоти ўзининг хайрли ишларида кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар фаол иштирок этиши учун ҳаракат қилаётир.

Орамизда одам савдоси қурбони бўлаётган инсонлар кам эмас. Олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишларига қарамай, алданиб қолаётганлар ҳамон учрамоқда. Аянчлиси, бундай қурбонларнинг аксарияти ёшлардир. Уларнинг катта ҳаёт остонасида зўравонлик қурбони бўлиши бир умрлик битмас жароҳат.

cc3028ff-fdfd-4304-a971-496637bb752c.jpg

Семинарнинг очилишида марказ директори Нодира Каримова халқимиз ҳаётининг тинчлиги, хавфсизлигига ҳисса қўшиш, ушбу эзгу мақсадга кўнгилли бўлиб қўшилиш катта жасорат эканини таъкидлади.

Марказнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича ижтимоий ҳамкорлик тармоғига аъзо жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинари давомида ёшлар ўртасида одам савдоси ва у билан боғлиқ бошқа кўринишдаги зўравонликларга қарши курашишда кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантириш, бунда ижтимоий ахборот тармоқлари имкониятларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш бўйича тренинглар ташкил этилади, мулоқотлар бўлади.

Муаттар Рўзибоева, ЎзА
8 330