ЎзА Ўзбек

31.07.2018 15:22 Чоп этиш версияси

Ёшлар янги ташаббусларга интилмоқда

Ёшлар янги ташаббусларга интилмоқда
Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда навқирон авлоднинг ёрқин истиқболи йўлида яна бир улкан қадам бўлди. Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар олиб борилмоқда.

Давлат дастурида ёшлар қатламининг барча йўналишлари бирдек қамраб олингани эътиборга молик. Масалан, қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшайдиган, бандлиги таъминланмаган ёшлар учун ўз хўжалигида иш ўрнига эга бўлиши назарда тутилиб, ҳар бир оилага 20 тагача парранда ва қуён, 5 бош қўй-эчки ва 2 бош қорамол сотиб олиш имконияти яратилмоқда.

Олтиариқ туманида ҳам дастур ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини амалга оширувчи туман умумий штаби ташкил қилинган. Ҳозирда дастур доирасида уларнинг бизнес ташаббуслари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун 4 секторнинг ҳар бирида алоҳида штаб ташкил этиш белгиланган бўлиб, бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Тумандаги барча 72 маҳалла фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳ томонидан 21 саволдан иборат анкета сўровномаси асосида ёшлар паспорти шакллантирилмоқда. Хусусан, уларнинг орасида истиқболли ғояси бўла туриб, уни ҳаётга татбиқ этиш учун маблағ топа олмаётган, моддий имкониятга эга бўлса-да, тадбиркорликда ишни нимадан бошлашни билмаётган, хуллас, бирор ишнинг этагидан тутишни дилига туккан ёшлар аниқланмоқда. Дастур ана шу масалаларни самарали ҳал этади.

Бугунги кунга қадар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 5 минг 883 нафар ўғил-қиз билан суҳбат ўтказилди. Уларнинг 284 нафари тадбиркорлик фаолияти учун кредит, 24 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш учун бино ажратилишини сўраган. Касб-ҳунар ўрганиш, бепул курсларда ўқиш истаги бор 215 нафар ёшнинг 87 нафари тўгаракларга жалб қилинган. Суҳбатлар давомида 38 нафар уй-жойга муҳтож, 3 нафар оила қуриш учун тўй маросимини ўтказишга имконияти етарли бўлмаган ёшлар аниқланиб, рўйхат шакллантирилди.

Туманнинг “Чинортаги” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ташкил этилди. 2 хонадан иборат марказнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини ошириш, билим ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилган семинар-тренинглар, мутахассислар билан учрашувлар ўтказиш учун шароит яратилди. 

“Олтиариқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Нафосат” ўқув-маркази биносида “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Маълум вақтдан сўнг 3 қаватли мазкур бинода ёшлар сартарошлик, косибчилик, тикувчилик сингари йўналишларда ўз фаолиятини олиб бориш имкониятига эга бўлади.

– Ёшларимизнинг билим ва кўникмасини шакллантириш, дастурда кўзда тутилган мақсад ва имтиёзлар билан таништириш учун мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олтиариқ тумани кенгаши раиси Азизбек Отақўзиев. – Тижорат банклари орқали ажратиладиган йиллик 7 фоиз ставкадаги имтиёзли кредит олиш тартиб-қоидалари ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Дастурда кўзда тутилган мақсад талабларига жавоб берадиган ҳудудлар белгилаб олинмоқда. “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғини Охунбува кўчаси маҳалла гузарида тадбиркор Тожиали Эргашевга қарашли бинода “Ёшлар меҳнат гузари” комплексини ташкил қилиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароит ҳамда иш ўринлари яратиш ва уларнинг бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Эртамиз эгаларини янги ғоялар сари ундамоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА
4 053