Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 17:28 Чоп этиш версияси

Ёшлар учун қулай имконият

Ёшлар учун қулай имконият Ёшлар ижод саройида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолининг барча қатлами манфаатларини аниқ ва манзилли, амалий тарзда ҳимоялаш, айниқса, ёшларни кучли ижтимоий муҳофазалаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан кенг қамровли саъй-ҳаракатлар, турли ижтимоий тадбирлар, лойиҳалар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.

Бу борадаги интилишларда олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларини тамомлаган ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларнинг ўз тадбиркорлик ишини бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш орқали янги иш ўринларини барпо этиш алоҳида ўрин эгаллайди.

Мазкур ярмаркадан кўзланган мақсад ҳам бандликка кўмаклашиш марказлари, иш берувчилар ва меҳнатга лаёқатли фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ишга кириш истагидаги фуқароларни меҳнат бозоридаги сўнгги маълумотлардан бохабар этиш, ёшларнинг бандлигини таъминлашдан иборатдир.

"Зиёда арт текстиль" тикув корхонаси "Irodat" савдо бренди билан тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Мазкур корхона турли касбларга оид меҳнат кийим-кечаклари, махсус формалар, спорт ҳамда ўқувчи либослари тикишга ихтисослашган. Корхона вакили Феруза Сойибхўжаеванинг айтишича, ишлаб чиқариш жараёнига коллежни тамомлаган ёшлар кенг жалб этилмоқда. Бугунги кунда мазкур корхонада тикувчилик, модельер-конструктор, технолог, дизайнер каби ихтисосликлар бўйича бўш иш ўринлари мавжуд. Ярмаркага келган ёшларга меҳнат муносабатлари ва шароитлари, иш ҳақи тартиби, ходимлар учун қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот берилди.

– Меҳнат ярмаркасида туманимиздаги 274 корхонадаги қарийб 1600 бўш иш ўрнига оид маълумотлар билан иштирок этмоқдамиз, – дейди Шайхонтоҳур тумани бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Дилноза Солиева. – Туманимиздаги барча касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ёшларимиз томонидан ҳамширалик иши, компьютер операторлиги, алоқа, иқтисод каби соҳаларда ишлашга бўлган қизиқиш катта. Марказимизда иш сўраб келган ёшларни ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорликни бошлаш истагидаги коллеж битирувчиларининг салоҳияти ўрганилиб, шу ернинг ўзида улар "Ягона дарча" тармоғи орқали рўйхатдан ўтказилиб, солиқ бўйича идентификация ҳужжатлари топширилмоқда.

– Меҳнат ярмаркасида иштирокчиларга вакант жойлар ҳақида маълумотлар тақдим этилиши билан бирга ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга тадбиркорликка оид имтиёзли кредитларни расмийлаштиришга доир йўл-йўриқлар, давлатимиз томонидан яратилаётган қулайлик ва имкониятлар ҳам тушунтирилмоқда, – дейди Халқ банкининг Тошкент шаҳар филиали кредит бўлими бош мутахассиси Шоҳруҳ Эгамбердиев. – Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишда банк-молия тузилмалари ҳамда маҳаллалар, касб-ҳунар коллежлари ўртасидаги ҳамкорлик кенг йўлга қўйилган.

– Бир неча йилдан буён ҳовлимда паррандачилик билан шуғулланаман, – дейди Илҳом Мусаев. – Товуқчилик кони фойда, даромадли соҳа экан. Эндиликда бу борадаги фаолиятимни янада кенгайтириш учун банкдан кредит олиш истагидаман. Уни расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар учун қисқа вақт кетиши ишимизга анча кўмак бўлди.

Меҳнат ярмаркасига келган Клара Умарованинг айтишича, у педагогика йўналишидаги коллежни тамомлагач, сўнгги йилларда фарзанд тарбияси билан машғул бўлган.

– Ярмаркада тақдим этилган маълумотлар билан батафсил танишиб, оилавий шароитимга мос бўлган иш топдим, – дейди у. – Бу каби меҳнат ярмаркаларининг ташкил этилиши иш берувчи учун ҳам, ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун ҳам жуда яхши имконият.

Ярмаркада меҳнат шароитлари, бўш иш ўринлари, тадбиркорлик йўналиши бўйича банклардан имтиёзли кредитлар олиш, меҳнат қонунчилиги бўйича маълумотлар берилди.

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
3 735






Все о погоде - Pogoda.uz