ЎзА Ўзбек

20.07.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Ёшлар учун меҳнат ярмаркаси

Ёшлар учун меҳнат ярмаркаси
Хоразм вилояти Урганч туманида туман прокуратураси, бандликка кўмаклашиш маркази, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Унда 49 корхона ва ташкилот 270 га яқин бўш иш ўрни билан қатнашди. Ярмаркага асосан доимий иш билан банд бўлмаган ёшлар таклиф этилди. Иш берувчи субъектлар вакиллари корхоналарда ходимларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.

– Туманда 14 дан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар 45 минг 500 га яқин бўлиб, ўтган вақт мобайнида қарийб 25 минг нафарининг қизиқиши, муаммо ва ташвишлари ўрганилди, – дейди Урганч тумани прокурори вазифасини бажарувчи Дилшод Мадиримов. – Ўрганиш давомида ёшлар томонидан 3 минг 599 масала кўтарилди. Оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит, тадбиркорлик, кредит, бандлик, фермерлик, томорқа маданияти, қурилиш соҳаси, мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича 3 минг 79 масала ижроси режалаштирилди ва мутасадди ташкилотларга ижро учун йўналтирилди. Бугунги ярмаркада ҳам кўплаб ёшлар ўзлари учун мос ва қулай иш ўрнига жойлашди.

Меҳнат ярмаркасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган коллеж битирувчиларига имтиёзли кредит олиш учун банк ходимлари томонидан тушунчалар берилди. Шунингдек, банклар томонидан имтиёзли кредит асосида чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан келишилган ҳолда наслли қорамол ва паррандалар шу ернинг ўзида расмийлаштириб берилди. 

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Ёшлар иттифоқи туман кенгаши биносида иш бошлаган “Азизбек-Отабой” хусусий корхонасига 12 нафар тикувчи ишга қабул қилинди.

– II гуруҳ ногирониман, лекин тикувчилик қўлимдан келади, – дейди Наргиза Зарипова. – Яқинда туман хотин-қизлар қўмитаси кўмаги билан арзонлаштирилган уй-жойга эга бўлдим. Бугунги меҳнат ярмаркасида “Азизбек-Отабой” хусусий корхонасига тикувчиликка ишга жойлашдим. Ўз эҳтиёжим, оилам учун мустақил равишда ўзим пул ишлаб топишимдан мамнунман.

А.Шокиров, ЎзА
7 663