Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.06.2018 19:34 Чоп этиш версияси

Ёшлар – терроризм ва экстремизмга қарши курашишда етакчи куч

Ёшлар – терроризм ва экстремизмга қарши курашишда етакчи куч
Тошкентда 11 июнь куни “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуида халқаро конференция бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва БМТ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Нидерландия, Латвия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Кувайт, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон сингари мамлакатлар делегациялари, хорижлик экспертлар, шунингдек, сенаторлар, депутатлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, фан арбоблари, журналистлар иштирок этмоқда.

1 (1).JPG

Анжуманда ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, бу жараёнда уларнинг ролини ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлигини кучайтириш, интернет ва оммавий ахборот воситаларида бундай иллатлар ташвиқотининг олдини олиш, ёш авлод вакиллари терроризм ва тажовузкор экстремизм таъсири остига тушиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида фан, маданият, спорт соҳаларида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Бугунги кунда тажовузкор экстремизм ва терроризм дунёда барқарор ривожланиш ва миллатлараро тотувликка муайян таҳдидларни юзага келтирмоқда. Бу эса уларни бартараф этиш учун биргаликда амалий ечим топишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилиб, мулоқот гуруҳлари ташкил этилди.

Ўзбекистон экстремизм ва радикализмга қарши курашишга глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қараб, мазкур жараённинг доимий иштирокчиси ва ташаббускори бўлиб келмоқда.

10.JPG

Президент Шавкат Мирзиёев юксак минбарлардан туриб, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини, шунинг учун, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлаб келади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади. Ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Халқаро анжуман иштирокчилари қайд этганидек, ушбу конфренция навқирон авлод вакиллари ўртасида терроризмга сабаб бўлувчи омилларга қарши курашишда комплекс ёндашувлар ишлаб чиқиш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларга кенг йўл очади.

3.JPG

Терроризмга олиб келувчи турли омилларга қарши курашиш мақсадида БМТ, ЕХҲТ каби қатор халқаро ташкилотларнинг тегишли қарорлари қабул қилинган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда террористик ташвиқотларга қарши курашиш учун кенг кўламли халқаро механизм жорий этилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий ҳаракатлар дастурларини ишлаб чиқиш ва ёшлар сиёсатини ривожлантириш имконини бермоқда.

– Бундай дастурлар ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга, – деди БМТнинг Истанбулдаги минтақавий офиси кластер раҳбари Шелли Инглис. – Халқлар ва давлатлар маданияти, тили, дини ва ҳаёт тарзида ўзига хосликлар мавжуд. Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм таъсирига тушиб қолаётганлар ҳам турли ёндашувларга эга. Шунинг учун давлатлар кесимида миллий дастурлар ва стратегияларни ишлаб чиқиш орқали бу иллатга қарши курашиш зарур. Ҳозирги кунда 15 дан зиёд мамлакат ўзининг миллий ҳаракат дастурини ишлаб чиққан. Келгусида бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

1 (2).JPG

Кескин вазиятлар, оғир ижтимоий-иқтисодий ҳолат аҳоли ишсизлик кўпайишига олиб келади. Натижада, айниқса, ёшлар ўртасида миграция фаоллашади. Бу муайян маънода Марказий Осиё мамлакатларига ҳам хос умумий жиҳатдир.

Минтақамиз давлатлари ягона ривожланиш тенденциясига эга. Марказий Осиёда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга ўзаро маъқул ёндашувларни ишлаб чиқиш, ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшларда терроризм мафкураси ва экстремистик фаолиятга қарши самарали иммунитетни ҳосил қилиш орқали эришиш мумкин.

Бу борадаги қарашлар ва таклифлар конференциянинг шўъба йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг қайд этишича, ёшлар турли объектив ва субъектив сабаблар туфайли хорижга кетмоқда. Миграция натижасида бегона тил ва маданият билан юзланган авлод биринчи навбатда экстремистлар таъсирига тушиб қолаётир. Энг муҳим масала – хориждаги ана шу ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, турли хавфли гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишдир. Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган тажовузкор экстремизм ва радикализм кўринишларига қарши кураш чораларини кучайтириш ҳар қачонгидан-да долзарб.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Марказий Осиё ва минтақага қўшни мамлакатлар ҳукуматлари ва ёшлар ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ҳамкорлик бу борада халқаро ҳамкорлик бўйича саъй-ҳаракатларнинг асосини ташкил қиляпти.

Медиа макон аллақачон муайян ғоялар, қадриятлар ва эътиқодларни рағбатлантиришда муҳим таъсир кўрсатувчи омилга айланиб улгурган. Жумладан, ижтимоий тармоқлар ўзида ана шундай имкониятларни жамлаган. Бундан бузғунчи ғоя тарғиботчилари ғаразли мақсадда фойдаланмоқда.

Интернет террористлар учун янги аъзоларни топиш, ёллаш, ўқитиш, маблағ тўплаш, террористик ҳаракатлар ташкил этишнинг асосий воситасига айланган. Янги телекоммуникация технологиялари турли гуруҳлар ўртасида тезкор маълумот алмашиш, фаолият доирасини кенгайтириш ва психологик таъсир кўрсатиш имконини бермоқда.

Шу муносабат билан “Интернет ва оммавий ахборот воситаларида тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш” мавзуида ташкил этилган учинчи шўъба йиғилишида оммавий ахборот воситалари миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик тамойилини тарғиб қилиш, ўзаро ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, нафрат қўзғатишнинг барча йўналишларига қарши курашдаги ўз позициясини мустаҳкамлашга чақирилди.
Конференция доирасида Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази томонидан ЕХҲТ кўмагида экстремизмга қарши курашиш – stopterror.uz ахборот порталининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда “Марказий Осиё ёшлари тажовузкор экстремизмга қарши” танловининг минтақавий босқичи натижалари эълон қилинди.

Учрашувда, шунингдек, тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда минтақа мамлакатлари ёшларининг халқаро уюшмасини ташкил этиш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

ЎзА фотомухбири
Темур Мамадаминов олган суратлар

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
5 315