ЎзА Ўзбек

10.07.2018 22:29 Чоп этиш версияси

Ёшлар тадбиркорлиги – энг муҳим масала

Ёшлар тадбиркорлиги – энг муҳим масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистонга келди.

Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга ошириладиган ишларни янада такомиллаштириш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар ва туманларда ёшларнинг турли йўналиш бўйича лойиҳалари билан танишиб, уларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

– Энди юртимизда ҳар бир ёшнинг нимага қизиқиши, қандай ишга қобилияти борлиги бўйича аниқ маълумотга эга бўламиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ аъзоси Жолдас Абдижамилов. – Мана, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида ушбу ишни амалга ошириш учун 13 ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, унинг аъзолари ҳар бир хонадонга кириб бормоқда, ҳар бир оиладаги ёшлар ҳақида маълумот йиғмоқда. Ушбу маълумотлар йиғилиб туман ҳокимлигида ташкил қилинган штабга тақдим этилади. Шу тарзда ҳар бир ёшнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилади.

Юқорида зикр қилинган фармонга мувофиқ давлат-шериклик шартлари асосида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаларини барпо этиш белгиланган. Шуманай туманида шу масала бўйича ташаббус билдирган тадбиркор Аббаз Жаббарбергеновга бинолар қуриш учун ер майдони ажратилди.

– Мен шундай марказ қуришни кўпдан буён ўйлаб юрар эдим, – дейди Аббаз Жаббарбергенов. – Ёшлар иттифоқи раиси “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази ва “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси ҳақида тушунтиргандан кейин менда қизиқиш ортди ва шу лойиҳани амалга оширишга ташаббус билдирдим.

Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг 573 мингга яқини ёшлар бўлиб, уларнинг 25 минг 861 нафари уюшмаган ёшлардир.

Ишчи гуруҳ вакиллари айнан уюшмаган ёшлар фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Учрашувларда кам таъминланган оилалар фарзандлари, шунингдек, тарбияси оғир болалар ва ички ишлар бўлимида профилактик ҳисобда турувчи ёшлар рўйхати тузилиб, уларни ёзги оромгоҳларга бепул юбориш таклифи билдирилди.

Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
9 507