ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Ёшлар сайловларга катта қизиқиш билдирмоқда

Ёшлар сайловларга катта қизиқиш билдирмоқда

Халқаро матбуот маркази Фарғона вилоят бўлими томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабалари учун elections.uz сайти ва “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг тақдимоти ўтказилди.

Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими раҳбари Ш.Аслонов ўз тақдимотида Марказий сайлов комиссиясининг янги талқиндаги elections.uz сайти ва “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг афзалликлари ва қулайликлари ҳақида талаба-ёшларга батафсил маълумот берди.
Янги дизайнда иш бошлаган elections.uz сайтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунчилик, янгиликлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда ОAВ учун керакли маълумотлар билан тўлдирилган алоҳида бўлимлар ташкил этилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кесимида ҳар бир сайлов комиссияси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бу эса вазирлик ва идоралар, ОAВ ҳамда фуқароларга барча сайлов комиссиялари билан алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Сайтда кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун ҳам алоҳида имкониятлар яратилди.

DSC_5579.JPG

Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларидаги фаолиятини осонлаштириш ва қўшимча қулайлик яратиш мақсадида “Сайлов – 2019” мобиль иловаси ҳам ишлаб чиқилди.

Унда сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олган.

Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилган.

586
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА