Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 11:55 Чоп этиш версияси

“Ёшлар поезди” тарғибот акциясидан аҳоли, айниқса, ёшлар жуда мамнун

“Ёшлар поезди” тарғибот акциясидан аҳоли, айниқса, ёшлар жуда мамнун Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилган “Ёшлар поезди” тарғибот акциясидан аҳоли, айниқса, ёшлар жуда мамнун.

Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказилган акция ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, уларда юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини юксалтириш, тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари уч кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва қишлоқларида, олис овулларида бўлиб, асосан ёшлар билан учрашди, улар меҳнат қилаётган корхона-ташкилотлар фаолияти билан танишди, маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг қизиқишларини ўрганди.

Тадбирларда таниқли шоир-ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, спортчилар, тадбиркорлар, эстрада хонандалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.

5.jpg

– Ёшларда юртимизда содир бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси баланд экани кишини қувонтиради, – дейди Ўзбекистон Миллий университети профессори, фалсафа фанлари доктори Фахриддин Мусаев. – Айниқса, Шуманай туманидаги тадбирларда бу яққол намоён бўлди. Бу ерда ёш тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Нукус шаҳрида яқинда ишга туширилган Нукус полимер заводи, Нукус электроаппарат корхонасида меҳнат қилаётган йигит-қизларнинг шашти, улардаги ватанпарварлик туйғуси кишини тўлқинлантириб юборди. Ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар билан бирга, уларни қийнаётган саволларга жавоб топиш, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Ички туризмни ривожлантириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган тарғибот тадбирлари Кегейли, Чимбой, Қанликўл, Қораўзак, Тахтакўпир, Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай туманлари ва Нукус шаҳридаги ўқув муассасалари, маҳаллалар, маданият ва аҳоли дам олиш марказларида бўлиб ўтди. Мўйноқ туманининг олис овулларидан узоқдаги мактабларга қатнаётган 40 ўқувчига велосипед совға қилинди. Ана шундай хайрия акцияси Қанликўл ва Қўнғирот туманларида ҳам ўтказилди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳузуридаги Чимбой академик лицейи ўқувчиларига китоблар тўплами совға қилди. “Ўйжап” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи имконияти чекланган Шаҳзода Алламбергенованинг тикувчиликка бўлган қизиқишини инобатга олиб, замонавий тикув машинаси ҳадя этилди.

Далада пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган шу кунларда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлардан тузилган отрядлар деҳқонларга кўмак бермоқда. “Ёшлар поезди” тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида Хўжайли туманидаги “Қамисшўли”, Амударё туманидаги “Ёқубова Гавҳар”, Беруний туманидаги “Акром фермер”, Тўрткўл туманидаги “Яшнобод Тўрткўл” фермер хўжаликлари пахтазорларида ёшлар даврасида ўтказилган маданий тадбирлар жуда қизиқарли бўлди. Талабалар театр студияси жамоалари томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
2 585






Все о погоде - Pogoda.uz