Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 20:04 Чоп этиш версияси

“Ёшлар поезди” Андижонда

“Ёшлар поезди” Андижонда Андижон вилояти шаҳар ва қишлоқларида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тарғибот тадбирлари доирасида ёш олимлар, шоир-ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, таниқли спортчилар, тадбиркорлар, эстрада хонандалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокида учрашув, мулоқот ва хайрия акциялари ўтказилди.

– Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, ҳаётимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғуси билан яшаш, турли ёт ғоя ва иллатлар, хусусан, “оммавий маданият” таъсиридан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш ёшларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари C.Мақсудов. – Шу маънода, водий вилоятлари бўйлаб сафарга чиққан “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси гуруҳининг асосий мақсади ҳам ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар онгини мафкуравий таҳдид ва ахборот хуружларидан асраш, қизиқиш ва интилишларини тўғри йўналтиришга кўмаклашишга қаратилган.

Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Жалақудуқ, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳридаги таълим муассасалари, маҳаллалар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган тадбирлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Асака тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги “Кинотеатр актёр студияси” актёрлари томонидан “Осмон остидаги сир” номли саҳна кўриниши намойиш этилди. Ниёзботир қишлоғида ўтказилган ёшлар билан мулоқотда уларни қизиқтирган турли масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ёшларнинг саволларига туман ҳокими Э.Ёқубов ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жавоб қайтарди. Турли муаммолар бўйича мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Қўрғонтепа туманидаги Мурувват уйида бўлиб ўтган учрашувда ёшлар таниқли адиблар ва санъаткорлар ижодидан баҳраманд бўлди. Балиқчи туманидаги “Андижон-Ханой ипаги” масъулияти чекланган жамияти ва Каттабулоқ маҳалласида ўтган “Китоб – ҳаёт хазинаси” хайрия акцияси ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тарғибот тадбирлари доирасида таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмларга китоблар совға қилинди. Етим болалар, имконияти чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига совға-саломлар улашилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 787






Все о погоде - Pogoda.uz