ЎзА Ўзбек

16.07.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Ёшлар муаммолари ўрганилмоқда

Ёшлар муаммолари ўрганилмоқда
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда тадбиркор, ташаббускор ва фаол ёшлар, тижорат банклари, ички ишлар, прокуратура ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати К.Тожиев, Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Солиев ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар камолотига қаратилаётган доимий эътибор мустақил фикрлайдиган, дунёқараши кенг ва интеллектуал салоҳиятли ўғил-қизларни тарбиялаш, ўз соҳасини пухта эгаллаган малакали мутахассислар тайёрлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Президентимизнинг жорий йил 27 июнда қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида” ги фармони бу борада муҳим тарихий ҳужжат бўлди.

Анжуманда жойларда ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, хусусан, бандлик, хусусий бизнесни йўлга қўйиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кенг муҳокама қилинди. Фармон ижроси доирасида айни пайтда вилоятнинг туман ва шаҳарларида 88 ишчи гуруҳи ва штаблар ташкил этилган. Улар ёшлар келажагига оид турли масалаларни ўрганади, мутасаддилар билан ҳамкорликда ечим топади. 

– Мутасаддилар билан ҳамкорликда 3 кун давомида 1 минг 600 дан ортиқ хонадонга кириб, 4 мингдан зиёд ёшнинг муаммолари ўрганилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Ж.Хўжаев. – Натижада қарийб 3 минг ёш ишсиз юргани аниқланди. Энди тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ва хорижга ишга кетган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, ҳар томонлама пухта “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш белгиланган.

Тадбирда ёшлар томонидан ечимини кутаётган масалалар кўтарилди. Мутасаддилар мурожаатлар юзасидан ўз хулосаларини айтди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
8 674