Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.07.2018 20:41 Чоп этиш версияси

Ёшлар муаммолари ҳал этилди

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Хатирчи туманида Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғида ёшлар билан учрашди.

Мулоқотда Президентимизнинг жорий йил 27 июнда имзоланган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ёшларни янада фаол, ташаббускор, изланувчан ва эл-юрт равнақига камарбаста бўлишга руҳлантиргани таъкидланди.

Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди. Интилувчан, турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди.

Тамабаҳрин маҳалласида яшовчи Анваржон Маматов ўз уйида 0,8 сотихли майдонда интенсив балиқчилик билан шуғуллана бошлади. Дастлаб 2,5 минг балиқ парваришлаб, 60 миллион сўмдан зиёд даромад олди. Бизнесини кенгайтириши учун унга ер майдони ажратилган, бироқ қўшимча қурилиш ишларини олиб боришда муаммога дуч келган. Бу масала учрашувнинг ўзида ечим топди. Ёш тадбиркорга янги ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағларидан йиллик 7 фоиз ставка билан 660 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Шунингдек, унинг тажрибасини оммалаштириш, бизнес бошлашда иккиланиб турган тенгқурларига намуна сифатида ўрнак қилиш фойдадан холи бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Яна бир ташаббускор ўспирин, тумандаги 10-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Диёржон Умрзоқовдир. Унга ўқишдан бўш вақтида ака-опалари билан ҳовлисида 500 бош товуқ, 150 бош бедана, 50 бош курка, 200 бош ўрдак парвариш учун 5 йил муддатга 50 сотих ер ижарага берилгани тўғрисидаги қарор тақдим этилди.

– Менга билдирилган ишончдан беҳад хурсандман, – дейди ҳовлиси паррандачилик фабрикасини эслатувчи Д.Умрзоқов. – Юртимизнинг турли вилоятларида ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўяётганини кўриб илҳомланганимда яқинларим менга далда бўлишди ва 8-синфда ўқиб юрганимда паррандачилик билан шуғуллана бошладим. Икки йилда парранда сони 1000 га яқинлашиб қолди. Буни ривожлантиришим учун ер майдони зарур эди. Бугун бу истагим амалга ошди.

Бундан ташқари, учрашув давомида 30 нафар 30 ёшгача бўлган хотин-қизга замонавий тикув машинаси, парваришлашга иштиёқи бор ёшларга 100 бош қўй, 50 товуқ ва ўнлаб зотдор қуёнлар тарқатилди.

– Тикувчилик билан қарийб 8 йилдан буён шуғулланаман, – дейди Сарой маҳалласида яшовчи Ш.Низомова. – Коллежни битиргач, иш тополмаганим учун бу касб билан жиддий шуғуллана бошладим. Тикув машинам анча эскириб қолган эди. Кейинги вақтларда буюртмалар сони ҳам кўпайди. Бизга берилаётган имтиёзлардан руҳланиб, Ёшлар иттифоқи туман кенгашига мурожаат қилдим ва улар тикув машиналари харид қилиш учун имтиёзли кредит олишда катта ёрдам беришди. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман.

Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, бандлик, банк ва молия муассасалари раҳбарлари хатирчилик ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Тадбир доирасида ташкил этилган халқ амалий санъати усталари ва ҳунармандлар кўргазмаси ҳамда меҳнат ярмаркаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 682