ЎзА Ўзбек

09.07.2018 17:15 Чоп этиш версияси

Ёшлар масаласи эътибор марказида

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ва ИИВ академияси билан ҳамкорликда ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари учун ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан шаҳар, туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимлари жорий этилган.

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар бажарилиши борасида жойлардаги ёшлар бўйича ўринбосарлар томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда комплекс чора-тадбирлар, ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилнинг 4 июль куни ўтказилган ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлашда ҳали камчиликлар кўплиги, ички ишлар органлари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари ҳали кўнгилдагидек эмаслиги қайд этилиб, тегишли вазирлик ва идораларга ёшларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишини олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Йиғилишда, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлаш долзарб вазифа эканлиги қайд этилди.

Ўқув-семинар машғулотида ёшлар ўртасида нохуш ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароит ва омилларни ўз вақтида бартараф этиш, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти, ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа масъул идора ва ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
9 471