ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ёшлар масалаларини ҳал этишнинг самарали механизмини жорий этиш – давр талаби

Ёшлар масалаларини ҳал этишнинг самарали механизмини жорий этиш – давр талаби

Гарчи барча замонларда ёшлар билан боғлиқ масалалар долзарб бўлса ҳам бугунгидек эътибор юқори бўлган эмас. Президентимиз таъбири билан айтганда "Биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда".

Шу боис аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда ёшлар масалаларига доир жами 40 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганининг ўзиёқ фикримиз далилидир.

Тараққиётимизнинг янги босқичида қабул қилинган ва давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган илк қонунлардан бири айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун экани ҳам ёшлар билан боғлиқ масалалар нақадар муҳим аҳамият касб этаётганининг исботидир.

2016 йилнинг 15 сентябридан кучга кирган ва 33 моддани ўзида мужассам этган мазкур ҳужжат ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва камол топтириш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятини давлат ҳамда жамиятни янада ривожлантиришга йўналтириш учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар доираси, уларнинг ваколатлари, ёшларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий асослари мукаммал баён этилган. Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида очиқлик ва шаффофлик, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ахлоқий, маънавий ва маданий қадриятларнинг устуворлигига алоҳида эътибор берилган. Шунингдек, ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилган.

Қонунда ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш чоралари, ёшлар учун қўшимча кафолатлар назарда тутилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар бериш, таълим муассасаларини битирганидан кейин бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш тизимини ривожлантириш ва ҳоказолар.

Шунингдек, мазкур қонунда истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам тартибга солинган. Ёшлар тадбиркорлигининг қонуний ҳимояси белгиланган. Давлат органлари ёшлар тадбиркорлигини ташкил этишга кўмаклашиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар беради. Бу йўналишда ўқитиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик шартнома асосида ривожлантирилади.

Қайд этиш жоизки, 2017 йилнинг 30 июнь куни мамлакатимиз ёшлари ҳаётида тарихий сана бўлди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган ушбу сананинг Ёшлар куни сифатида эълон қилиниши бу борада давлат сиёсатида туб ўзгариш бўлганидан далолат эди.

Хусусан, парламент юқори палатаси – Сенатда ўтган йили Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси тузилиб, қуйи палатада тегишли комиссия иш олиб бормоқда. Айни пайтда ёшлар масалалари билан шуғулланувчи ҳокимлар ўринбосарлари, ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашлари раисларининг ўринбосарлари институтлари жорий қилинди. Марказдан то энг қуйи бўғингача Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкилий тузилмаси такомиллаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар билан ишлашнинг дунёдаги ҳеч бир давлатда муқобили бўлмаган тизими яратилди.

Савол туғилади: биз шундай кенг имкониятдан самарали фойдаланаяпмизми? Билдирилган ишончни қай тарзда оқлаяпмиз?

Афусуски, бу каби кўплаб саволларга ҳанузгача ижобий жавоб бериб бўлмаяпти. Ёшлар билан боғлиқ долзарб масалалар ечими ҳамма вақт ҳам осон кечмайди. Тўғри, кейинги пайтларда Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа масъул тузилмалар ҳамкорлигида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Уларнинг самаралари ҳам кўзга ташланмоқда. Бироқ, бор имкониятдан оқилона фойдаланилганда бундай самаралар ўн карра ортиқ бўлиши мумкин эди.

Эътибор беринг, бугун жамиятимизда, ҳар бир соҳа ва тармоқда айнан ёшлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ қанчадан-қанча муаммолар юзага чиқмоқда. Уларни ҳал этиш учун ёшларнинг бошини бир жойга қовуштириб, керак бўлса, уйғотиб, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга эриша олмаяпмиз. Тан олиш керак, бу борада масъул тузилмалар аксарият ҳолларда бир гуруҳ доимий фаоллар билангина ишлаш билан чекланмоқда десак, хато қилмаймиз.

Биз уюшмаган ёшлар, деб атайдиган кўплаб ўғил-қизлар баъзида эътиборсиз, баъзан эса ҳаётбахш ўзгаришлардан бир қадар четда қолиб кетмоқда. Айрим ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётгани, айниқса, ҳар йили мактабларни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган кўпчилик ёшларнинг тўғри йўлни топишда муаммоларга дуч келаётганининг сабабларидан бири ҳам шунда.

Ёшлар масалалари билан боғлиқ аксарият тадбирлар номигагина, бир хил аудитория иштирокида ўтказилмоқда. Катта орзу-умидлар, интилиш билан ҳаётга кириб келаётган ёшларни қизиқтирадиган, таъсирчан, уларни у ёки бу касб-ҳунарга, таълимнинг кейинги босқичларига йўналтира оладиган мазмунли тадбирларни узлуксиз йўлга қўйиш зарур. Ҳолбуки, ёшлар ҳаётининг айни шу палласида жуда катта маънавий бўшлиқ юзага келмоқда. Оқибат эса барчага маълум. Минглаб ёшларимиз иш топиш баҳонасида чет элларга чиқиб кетиб, айримлари осонгина турли бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам сир эмас.

Биз шундай психологик иқлим яратишимиз керакки, бирорта ёш ўзини ёлғиз, қаровсиз ҳис этмасин.

Бугунги кунда ёшлар ташкилотлари ҳамда нуронийлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ҳамкорлик лозим даражада йўлга қўйилмагани оқибатида ёшлар ва кекса авлод ўртасидаги ришталар, кўприклар узилиб бормоқда. Миллий қадрият ва анъаналаримизни авлоддан-авлодга етказиш борасидаги узилишлар сабабли аксарият ёшларнинг маънавияти, ахлоқида инқироз кузатилмоқда десак, янглишмаймиз. Бинобарин, олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири ҳам ёшлар ва кекса авлод ўртасидаги узилмас ришталарни мустаҳкамлашдир.

Бундан ташқари, ёш оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш йўналишидаги қатор камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда. Бугун оз бўлса-да, эрта туғруқ, эрта никоҳлар қайд этилаётгани айрим мутасаддиларнинг нафақат камчилиги, балки ёшларга оид давлат сиёсатига эътиборсиз ёндашувининг ифодасидир.

Ёшлар онгига интернет орқали таъсир этаётган турли хил ёт ғоя ва ахборот хуружлари оқими камаймаяпти. Ана шундай бир шароитда интернет тизимида миллий контентни маънавий-маърифий мазмундаги материаллар билан бойитиш масалаларига етарли эътибор қаратилмаяпти. Бу эса улар орасида турли хил бузғунчи ғоялар ва "оммавий" маданият таъсирига тушиб қолиш хавфини оширмоқда.

Ёшлар билан ишлашда оилавий қадриятларга эътибор сусайиб бораётганини ҳам қайд этиш жоиз. Уларни оилага садоқат руҳида тарбиялашнинг синалган усулларидан, қолаверса, янгича ёндашувлардан самарали фойдалана олмаяпмиз. Ёш оилалар ўртасида кўплаб ажримларнинг қайд этилаётгани мазкур камчиликлар кўлами нечоғлик катта эканини кўрсатмоқда. Айни пайтда боғчалардан бошлаб бутун таълим тизимида ёшларни оилага садоқат ҳамда ноёб миллий қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялашнинг амалий механизмларини жорий этиш лозим бўлмоқда.

Ёшларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишларда ҳам муаммолар йўқ эмас. Бу борада ҳам мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз.

Биргина мисол. Мамлакатимизнинг миллионлаб ёшлари Президентимиз ташаббуси билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида ўзларининг тадбиркорлик ғояларини, бир сўз билан айтганда, бутун салоҳиятларини рўёбга чиқаришнинг қўшимча имконига эга бўлди. Бироқ жойларда ўтказилаётган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурини жорий йилда амалга ошириш ўта суст кетмоқда. Бу эса, аввало, ташаббускор ёшлар, қолаверса, уларнинг ота-оналарининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш биринчи галдаги устувор вазифадир.

Ўғил-қизлар учун шунчаки меҳнат дафтарчаси очиш эмас, уларга бугунги кун талаблари асосида моддий, маънавий эҳтиёжларини қондириш имконини берадиган иш ўринлари яратиш зарур. Шунингдек, ишсиз ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш бўйича бепул ўқув курслари сони ва турларини кўпайтириш, бунда ёшларнинг ҳуқуқий билимини, иш юритиш ва ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини оширишга эътибор қаратиш лозим.

Бугунги кундаги долзарб муаммолардан яна бири тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишга етарлича эътибор қаратилмаётганидир. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли тизимларидаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи Етакчилар кенгашлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги талаблар аксарият вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан бажарилмаган.

Албатта, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, масъул вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ва, албатта, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида юқоридаги каби яна бошқа кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган амалий чораларни мунтазам кўриб боради. Бироқ, амалдаги қонун ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган назоратни кучайтириш ишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бугун ёшлар билан боғлиқ масалалар фақат ёки кўпроқ Ёшлар иттифоқига тааллуқли десак, хато қиламиз.

Барча соҳа ва тармоқларнинг масъуллари энг юқори бўғиндан бошлаб то қуйигача ёшлар масалаларини ҳал этишнинг самарали механизмларини жорий этиши давр талабидир.

Рўзибой САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар,
маданият ва спорт масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари

1 181
ЎзА