ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёшлар куни – ёшларимиз учун рағбат

Ёшлар куни – ёшларимиз учун рағбат
30 июнь – Ёшлар куни

Яқинда сардобалик йигирма саккиз ёшли Камола Аброрхонова фан доктори деган юксак унвонга сазовор бўлиб, ўзбекистонлик ёшларнинг салоҳиятини яна бир карра исботлади. Камоланинг илм йўлидаги машаққати меваси мамлакатимиз ёшларининг ҳам ҳавасини уйғотиб, уларни яна бир карра руҳлантирди.


photo5454041650952252783.jpg
Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори

Камола ёш бўлишига қарамай илм-фаннинг мураккаб йўлларини босиб ўтишга улгурди. Унинг «Бошланғич синф ўқувчиларини инновацион ёндашув асосида миллий руҳда тарбиялашнинг педагогик асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги илмий тадқиқоти юқори баҳоланди. Ёш олиманинг илмий ишлари мамлакатимизда илк бор Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган тарбия фанида – ҳозир амалиётга жорий қилинадиган 1-4-снфлар учун тарбия фанида тўлиқ татбиқ қилинадиган бўлди.

Йигирма саккиз ёшида фан доктори! У бунга қандай эришди?

Бугунги кунда ёшларимиз орасида фан номзодлари, фан докторлар талайгина. Ўғил-қизларимиз билим ва салоҳияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ўзларини намоён этаётир. 192 мингдан ортиқ ёш турли спорт мусобақалари, уч мингдан кўпроғи халқаро мусобақалар ғолибидир. Ёшларимиз орасида 600 жаҳон чемпиони, 1 минг 300 Осиё чемпиони бор.Тўрт мингга яқин ёш турли мукофотларга сазовор бўлгани, юздан ортиқ йигит-қиз Ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирлангани, ёки 22 мингдан ортиқ ёш фан олимпиадаларида, 200 нафарга яқини халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритгани эртамизнинг пойдевори мустаҳкамлигидан далолатдир.

Дарҳақиқат, ёшлар халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Улар учун барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар эшиги кенг очилган. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасидаги ишларнинг энг муҳимларидан бири сифатида қаралиб келинаётганини мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилганидан ҳам билса бўлади. Жумладан, ўтган йиллар давомида Асосий қонунимиз ва кодекслардан ташқари ёшлар сиёсатига оид 20 дан ортиқ қонун, юзга яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши мамлакатимизда мазкур йўналишда янги тарихий даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, мазкур тузилманинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича аниқ ташкилий механизмлар жорий этилди. Жумладан, Ёшлар иттифоқининг раиси айни вақтда Президентимизнинг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси ҳамда Сенат аъзоси бўлгани, ёшлар манфаатини янада ишончли ҳимоя қилишда кенг имконият яратди.

Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари раислари ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси ва мақоми бўйича унинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилгани жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлаб келмоқда. Шу билан бирга, кадрлар сиёсатида ҳам ёшлар омилига алоҳида эътибор қаратилиб, билимли, ташаббускор ёшларимизга энг масъулиятли вазифалар ишониб топширилмоқда.

Ўзбекистон замини қадимдан зиё маскани бўлиб келган. Аллома аждодларимизнинг дунё тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди Марказий Осиё минтақасида тарихда илм-фан, маданият ўчоғи бўлгани барчамизга ғурур бағишлайди. Шундан бўлса керак, илмга интилиш, уни эъзозлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Мамлакатимизда бугун ҳам таълим тизими ва жараёнини тўғри ташкил этиш масалалари давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим вазифа сифатида қаралиб келмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда барча замонавий шарт-шароитларга эга, сўнгги типдаги ахборот-технологиялари билан жиҳозланган юздан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Улар ичида етакчи хорижий университетларнинг филиаллари ҳам бор. Уларда юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилар ёшларнинг илм йўлларини ёритиб келяпти.

Шу ўринда бугунги кунда ёшлар билан боғлиқ олдимизда турган долзарб вазифаларга ҳам тўхталиб ўтсак.

Сир эмас, ҳозирги коронавирус пандемияси туфайли инсоният катта синовни бошдан кечиряпти. Одамзод ҳар қадамда хавф-хатар билан яшамоқда. Шундай мураккаб вазиятдан ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишда айнан ёшлардан фойдаланишга уринаётганлар, қинғир йўллар билан мўмай даромад илинжида қабиҳликлардан тонмаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари «оммавий маданият», менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади.

Бугун аксарият ёшларимиз бўш қолди дегунча дарров қўл телефони билан машғул бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди. Ёшларнинг уяли телефонга асир бўлиб қолаётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Ёшларимизнинг бу борадаги маданиятини, маънавиятини, тафаккурини ўстирсак, интернет хатарининг олдини олган бўламиз.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний жиҳатдан етуклиги, касб-ҳунар эгаллаши, ҳуқуқлари таъминланишига эътиборни янада кучайтирилиши, бу борада кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур. Ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалага эътиборсизликни қонунчилик даражасида жавобгарликни кучайтириш керак. Фарзандларимизни маънавиятли қилиб тарбиялаш фақатгина мактаб, маҳалла ёки оиланинг иши эмас, у умумхалқ вазифаси сифатида қарашимиз лозим.

Бу йил Ўзбекистонда учинчи марта 30 июнь – Ёшлар куни нишонланади. 2017 йил 30 июнь куни «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу санани мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди. 26 августда эса «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

Ўтган давр мобайнида ушбу сананинг қадр-қиммати, аҳамияти ошиб бормоқда. Бу ҳам Ўзбекистонда ёшларга берилаётган юксак эътибор намунаси. Қолаверса, келажак авлодга кенг имкониятлардир. Буни ёшларимиз терангроқ англашларини, шу юрт фарзанди эканидан ғурурланишларини, қадрига етишларини сўраб қолардим.

...Албатта, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган юксак эътибор, Президентимиз томонидан яратилган шароит ва илм-фан соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли Камола Аброрхонова сингари ёшларимиз имкониятлардан унумли фойдаланиб, илм чўққиларини забт этмоқда. Камоладаги шижоат, мақсад сари интилувчанлик, метин ирода, аслида, ўзбекистонлик барча ўғил-қизларимизда ҳам бор. Фақат улар ўзларидаги мавжуд бундай хислатларни англаб олишлари, ўзларининг билим-салоҳиятига ишонишлари керак, холос.

2 903
ЎзА