ЎзА Ўзбек

06.09.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Ёшлар камолотига қаратилаётган эътибор бизга куч беради

Ёшлар камолотига қаратилаётган эътибор бизга куч беради
2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва 
технологияларни қўллаб-қувватлаш йили

Ёшим ўттиз бирда. Мақтанчоқликка йўйманг, юртимизнинг фаол ёшларидан бири сифатида шахсий ҳаётимда ҳам, иш фаолиятимда ҳам кўп ютуқларга эришдим.

Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультетини имтиёзли диплом билан битирганман. Эришаётган ютуқларимда менга таълим-тарбия берган инсонлар – ота-онам, устозларим, барча яқинларимнинг ҳиссаси беқиёс. Уларнинг қўллаб-қувватлаши, қолаверса, юртимизда мен каби ёшларга яратиб берилаётган кенг шароит ва имкониятлар туфайли жамиятда муносиб ўрин топдим.

Ҳозир тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. 2015 йилда Андижон шаҳрида нодавлат “Вilli” болалар маркази ташкил этган эдим. Ўшанда икки нафар ўқитувчи ва 40 нафар ўқувчи билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирга келиб 30 нафардан ортиқ ходим ишлайди. Марказда ўқувчиларга ментал арифметика, инглиз ва рус тиллари ўргатилади. Спортнинг каратэ, таэквондо, қизлар учун бадиий гимнастика йўналишлари бўйича тўгараклар фаолият кўрсатади.

7.JPG

Ўзбекистоннинг дунёни ривожланган давлатлари билан рақобат қила олиши, янада тараққий этиши кўп жиҳатдан халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг билими, касб малакаси ва салоҳиятига чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этар экан, бу юртимиз эртасининг янада нурафшон бўлиши учун катта имкониятдир. Мен ҳам кўпчилик тенгдошларим қатори ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпман.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун юртимизда хусусий таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган ҳужжатлар хусусий таълим муассасаларига қатор имтиёз, кенг имкониятлар бермоқда. Ана шу имкониятлардан руҳланган, қолаверса, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида “Инновацион таълим мажмуаси" ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқдим. Ушбу лойиҳа доирасида хусусий мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, “Она ва бола", “Мутахассислар тайёрлаш" марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

1.JPG

“Она ва бола“ марказида уй бекалари, фарзандини тўгаракка олиб келган оналар учун махсус ўқув курслари, соғломлаштириш машғулотлари ўтказилади. “Мутахассислар тайёрлаш” марказида эса ёшларга турли йўналишларда ҳунар ўргатилади ёки эгаллаган ҳунари бўйича малакаси оширилади. Бундан мақсад, ёшларни ҳам замонавий, ҳам юқори маош тўланадиган соҳалар бўйича ўқитиш, ўзимиз иш топиб, уларнинг келажак йўлини танлашига кўмаклашишдир.

“Инновацион таълим мажмуаси“ лойиҳасини амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Яъни, Андижон шаҳар иқтисодиёт коллежининг фойдаланилмай турган ётоқхонаси ўқув марказимизга “ноль” қийматда берилди. Ҳозир бу ерда қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бинонинг тайёр бўлган қисмида “Она ва бола“, “Мутахассислар тайёрлаш“ марказлари очилиб, фаолият юрита бошлади. Ҳар икки марказ зарур жиҳозлар билан таъминланди, ҳунар ўрганиш, малака ошириш истагини билдирган ёшлар, шунингдек, оналарнинг гимнастика, гимнастрада, шейпинг машғулотлари билан шуғулланиши учун зарур шароит яратилди.

Галдаги вазифа 300 ўринли нодавлат мактаби ҳамда 200 ўринли мактабгача таълим муассасасини ишга тушириш. Насиб этса, янги йилга қадар болалар боғчаси ўз фаолиятини бошлайди.

“Инновацион таълим мажмуаси“ лойиҳаси тўлиқ амалга оширилиши натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Болалар, ёшлар ва оналар инновацион таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Бугун улкан мақсад ва режаларни амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаяпман. Бу йўлда юртимизда тадбиркор ёшларга яратиб берилган кенг имкониятлар, Президентимизнинг ёшлар камолотига қаратаётган доимий эътибори ва энг муҳими, ишончи менга куч-ғайрат бағишлайди. Ўз фаолиятим билан юртимиз равнақига оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан ғоят бахтиёрман.

Хуршида Камолиддинова,
Андижон шаҳридаги нодавлат “Billi”
болалар маркази ижрочи директори

Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 952