30.07.2018 19:04 Чоп этиш версияси

Ёшлар ишли бўлмоқда

Ёшлар ишли бўлмоқда Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, прокуратураси, бандлик бош бошқармаси, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т.Боболов, вилоят прокурори Ў.Саидов, ёш тадбиркор О.Сафаров ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар учун барқарор иш ўринлари яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнесга оид ғоя, ташаббус ва лойиҳаларини руёбга чиқаришга кўмаклашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар йигит-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

4.jpg

Вилоятда янги иш ўринлари ташкил этиш истагини билдирган ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун Ёшлар иттифоқи 59 миллиард сўм, ёш фермерларга молиявий кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши 18 миллиард сўм маблағ ажратаётгани фикримиз тасдиғидир.

Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 1 минг 949 ташкилот, муассаса ва хусусий корхона 6 мингга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.

6.jpg

– Ўрта махсус маълумотли мутахассисман, – дейди Денов туманидан Ф.Умаралиева. – Бир неча йил тумандаги 14-умумтаълим мактабида меҳнат қилдим. Тўрт йилдан буён ишсиз эдим. Ушбу ярамаркада иштирок этиб, ўз мутахассислигим бўйича муносиб иш топдим. Тумандаги 3-мактабгача таълим муассасасига тарбиячи вазифасига йўлланма олдим. Болажонларни меҳр билан улғайтиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Меҳнат ярмаркасида кўплаб йигит-қизлар корхона, ташкилот ва муассасалардаги бўш иш ўринларига ишга жойлашди. Ёшларга меҳнат қонунчилиги тушунтирилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
2 966