ЎзА Ўзбек

12.07.2018 17:29 Чоп этиш версияси

Ёшлар интернетсиз ўзларини қандай ҳис этишади?

Ёшлар интернетсиз ўзларини қандай ҳис этишади?
“Бугунги кунда YouTube видеохостинги, Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлари, Instagram ёки WhatsApp мессенжерлари ёшларнинг кундалик ҳаётида муҳим роль ўйнайди”, деб ёзади Австриянинг “Дер Штандард” нашри. 

“Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тўғрисидаги сўнгги маълумотларга кўра, Германияда 97 фоиз ёшлар смартфонга эгадир ва шунча фоиз ёш авлод ҳар куни интернетдан фойдаланади. Уларнинг кўпчилиги (82 фоизи) ундан фақатгина кўнгилхушлик учун фойдаланади”, дейилади мақолада. 

Интернетсиз ёшларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар юз беришини билиш учун Эрланген-Нюрнберг университети тадқиқотчилари ўқувчиларнинг кемадаги саёҳати давомида интернет алоқаси чекланган тажрибавий лойиҳа ташкил этишди.

“Аввалги ўтказилган тадқиқотлар қисқа муддатларда, яъни бир неча соат ёки бир кеча-кундуз давом этган. Ушбу лойиҳа бўйича эса ўқувчилар уч ҳафта интернетсиз бўлишди”, дея ҳикоя қилади тадқиқот раҳбари Томас Эберле. 

“Ўспирин ёшларнинг сўзларига қараганда, тажрибавий тадқиқот давомида уларнинг уйқулари ва яшаш турмуш тарзи сифати сезиларли даражада яхшиланган. Кўпгина ёшлар доимий онлайн алоқа зарурати йўқлигидан ўзларини анча енгил ҳис қилишганини айтишган”, дея хабар беради нашр.

Баъзи ёшлар кема қирғоққа яқинлашганда Wi-Fiга уланишга шошишган. Уларга бир томондан нимадандир бехабар қолиш қўрқуви, иккинчидан эса яқинлари билан алоқага чиқиш босими қаттиқ таъсир этган. 

Илгари ижтимоий тармоқларга ижобий муносабатда бўлган ўқувчилар тажрибавий тадқиқот давомида уларга танқидий назар билан қарайдиган бўлишди.
 
“Ижтимоий тармоқлардан бор-йўғи уч ҳафта давомида ажралиб қолиш ўқувчиларда уларга бўлган салбий муносабатнинг ўсишига олиб келди. Ижобий муносабат эса аксинча, анчайин камайди”, дея хулоса қилади Эберле. Саёҳат якунлангандан сўнг кейинги ярим йил давомида ташкил этиладиган тадқиқотлар мазкур ўзгаришлар ёшларнинг келгусидаги юриш-туришига қандай таъсир этишини кўрсатиб беради.

Баҳриддин Асланов (ЎзА) тайёрлади
6 970