ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёшлар – буюк ишлар давомчилари

Ёшлар – буюк ишлар давомчилари

30 июнь – Ёшлар куни Ички ишлар вазирлиги Академиясида кўтаринки кайфиятда қарши олинди. Таълим муассасаси раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган тадбир карантин тартибига риоя қилинган ҳолда профессор-ўқитувчилар, ёш ходимлар ҳамда курсант ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилди.

Статистик маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса бу кўрсаткич эътироф этса арзигулик – аҳолининг 60 фоиздан зиёди келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу маънода ҳам Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, десак муболаға бўлмайди.

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларга оид давлат сиёсатига қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Келажагимиз давомчиларининг эзгу орзу ва мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим ташаббуслар ҳаётимизга татбиқ этилди. Айниқса 30 июннинг юртимизда Ёшлар куни сифатида белгилангани униб-ўсиб келаётган навқирон авлоднинг ёруғ истиқболи йўлидаги муҳим қадам бўлди.

071A6686.JPG

Тадбирда Академия бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаев сўзга чиқиб, ёшларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаб, етук малакали мутахассис бўлиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Жамиятимиздаги янгиланишлар жараёнида ёшларимиз ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда, – деди у. – «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!», деган эзгу тамойил асосида ёшларимизнинг ҳар жабҳада ташаббус, шижоат ва фаоллик кўрсатаётгани қувонарлидир. Академиямиз ходимларининг салкам 40 фоизини ёш мутахассислар ташкил этади. 

Таълим масканининг кундузги ва сиртқи таълим йўналишларида 2 мингдан зиёд курсант-тингловчи билим олмоқда. Давлатимизнинг юксак эътибори натижасида улар илм-фан, таълим ва спорт соҳаларида ютуқларни қўлга киритмоқда. Ёш олим ва илмий тадқиқотчиларимиз сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Бундан ташқари, ҳар йили ўқув даргоҳимизни муваффақиятли тамомлаб, хизматга йўл олаётган кадрларимиз республикамизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

071A6734.JPG

Дарҳақиқат, таълим муассасасида ёшлар билан ишлашнинг самарали тизимлари жорий қилинган. Бу борада Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Академиядаги бошланғич ташкилоти алоҳида ташаббус кўрсатаётгани эътиборга молик. Тингловчи-курсантлар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мустақил фикрлайдиган, она Ватанимизга садоқатли, фидоий ва қатъий ҳаётий позицияга эга ёшларни камол топтириш билан бирга, уларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга туртки бўлмоқда.

– Ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бахтиёр замонда яшаяпмиз, – дейди курсант Музробхон Мансурхонов. – Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшларига йўллаган табрикларини эшитиб, ғурурланиб кетдим. Президентимиз мен қатори минглаб тенгдошларимга мурожаат қилиб, «азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда», – дея алоҳида таъкидладилар. Биз давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятларни оқилона англаган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.

Тадбирда Академия бошлиғининг буйруғи билан бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар «Фахрий ёрлиқ» билан тақдирланди. Шунингдек, ўқув жараёнида ижобий ютуқларга эришаётган, маънавий-ахлоқий ва касбий фазилатлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган курсантларнинг она-оналарига миннатдорлик мактублари йўлланди. Бадиий ҳаваскорлик жамоаси томонидан саҳналаштирилган концерт дастури ёшлар учун байрам туҳфаси бўлди.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими

2 026
ЎзА