ЎзА Ўзбек

24.07.2018 21:31 Чоп этиш версияси

Ёшлар бандлиги таъминланмоқда

Хоразм вилояти Хива шаҳрида доимий иш жойига эга бўлмаган ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси, Хива шаҳар ҳамда Хива, Қўшкўпир туманлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада 128 корхона-ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари 600 га яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Қўшкўпир, Хива туманлари ва Хива шаҳрида 390 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 60 фоиздан ортиғи ёшлардир.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида бугунги кунга қадар тегишли сектор ходимлари ва туман ишчи гуруҳи 50 мингдан зиёд хонадонга кириб, ёшлар ва уларнинг ота-оналари, оила аъзолари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди.

– Дастур ижросини таъминлаш мақсадида туман марказида ташкил этилган штаб барча зарурий жиҳозлар билан таъминланган, – дейди Хива тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Норбоев. – Ҳар бир маҳалла кесимида ёшлар ҳақида маълумотнома тўлдирилиб, махсус дастурга киритилмоқда. Ишчи гуруҳ ёшлар мурожаатларини тинглаб, аниқланган муаммолар жойида ҳал этилмоқда.

Меҳнат ярмаркасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган коллеж битирувчиларига банк ходимлари томонидан имтиёзли кредит олиш бўйича тушунчалар берилди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган 10 нафар ёшга 20 бошдан товуқ тарқатилди. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш истагида бўлган бир гуруҳ ёшларга 1 гектардан ер майдони ажратилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
4 872