Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 14:11 Чоп этиш версияси

Ёшлар ҳарбий қисмда

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Каттақўрғон шаҳар ва туман, Пастдарғом туман кенгашлари ташаббуси билан бир гуруҳ ёшларнинг Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмга саёҳати уюштирилди.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб “Ватанпарвар” маҳалласида юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликни зиёрат қилди. Ушбу ёдгорлик лавҳасида номи ёзилган офицер ва сержантлар, аскарлар жасорати ҳақида ёшларга маълумот берилди.

Шундан сўнг йигит-қизлар ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун яратилган шароит, уларнинг ўқиш, жисмоний ва жанговар тайёргарлик жараёнлари билан танишди.

– Кейинги пайтда Самарқанд вилоятидаги таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари, уюшмаган ёшларнинг ҳарбий қисмимизга ташрифи анъана тусини олди, – дейди ҳарбий қисм ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Элёр Ҳайдаров. – Бу уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямиз ҳақидаги билим ва тушунчаларини оширишда муҳим ўрин тутади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 160