ЎзА Ўзбек

07.07.2018 10:30 Чоп этиш версияси

“Ёшлар қаноти” фаолияти кучайтирилади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асрашнинг устувор вазифаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Президентимизнинг ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, “Ёшлар қаноти” аъзолари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш, ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини такомиллаштириш масаласи муҳокама этилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партия “Ёшлар қаноти”га ҳудудларда ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш вазифалари юкланди.

Шунингдек, давра суҳбатида вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш қуриш билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда партия “Аёллар қаноти”га ўз фаолиятини такомиллаштириш ва аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш вазифаси топширилди.

И.Аҳатова, ЎзА
11 126