ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёшлар масаласида бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ​

Ёшлар масаласида бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ​
Ҳар қандай давлатнинг тараққиёт йўли ёшлар таълим-тарбияси билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, аҳолининг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилувчи Ўзбекистонда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишни таклиф қилиб, бунга асос сифатида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортгани, халқаро терроризм ва экстремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини таъкидлаган эдилар.

2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида айнан давлатимиз раҳбари томонидан бир йил олдин илгари сурилган мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида “Маърифат ва диний бағрикенглик”, деб номланган махсус халқаро резолюция қабул қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг давлат раҳбари сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати ҳам айнан ёшлар масаласида бўлди. 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, келажагимиз эгалари ҳисобланмиш ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган ташаббускор, аниқ мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, комил шахслар сифатида тарбиялашда дастуриамал вазифасини ўтаб келмоқда.

Мамлакатимизда ёшлар сиёсати масаласи кун тартибидаги янада муҳим вазифа сифатида белгиланди ва аниқ мақсадлар кўзланган ҳолда босқичма босқич, комплекс чора-тадбирлар асосида изчил давом эттирилди. Жумладан, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 2018 йил 27 июнда “Yoshlar — kelajagimiz" Давлат дастури тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва махсус жамғарма ташкил қилиниб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали имтиёзли кредит бериш йўлга қўйилди. Умуман, Президентимиз ташаббуси ва амалий кўмаги асосида ёшлар ҳаётига тааллуқли кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли ҳикмати нақадар буюк ҳақиқат эканини, айниқса, бугунги ҳаётимизда жуда яхши англаяпмиз. Сабаби, глобаллашув жараёни ортидан юзага келган диний экстремизм ва терроризм, “оммавий маданият” каби иллатлар ёшлар маънавиятига ҳар қадамда таҳдид солиб турибди. Ушбу таҳдидлардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда маънавият, таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ҳам айнан ёшлар таълим-тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу эзгу ғоя халқимиз, айниқса, ёшлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзди.

Конституциямизда ота-она ўз фарзандлари тарбиясига масъуллиги белгилаб қўйилган. Аммо сўнгги пайтларда ота-оналар орасида фарзандининг таълим-тарбиясига бефарқ бўлган ва бу вазифани ўқув муассасалари зиммасига юклаётганлар кўпаймоқда. Вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олишда ота-оналарнинг иштироки таҳлил қилинганда, ота-оналарнинг 40 фоиздан ортиғи фарзандлари тарбиясига эътиборсиз экани аниқланди.

Албатта, аксарият жиноятларнинг содир бўлишига бекорчилик, эътиборга муҳтожлик ва ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги сабаб бўлаётир. Муаммога ечим топиш мақсадида тегишли идоралар ҳамкорликда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маънавияти, маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кун сайин кучайтирилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбиролар сабаб, ёшлар жиноятчилиги 39 фоизга камайган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан бўлган учрашувда глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида гапириб, маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган ҳикматини келтириб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берган ҳамда “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”, — дея таъкидлаган эди.

Хулоса қилиб айтганда, шу юрт, шу халқ келажагига ўзини масъул, дахлдор, деб билган ҳар бир инсон ёшлар таълим-тарбияси, маънавиятига беэътибор бўлишга ҳаққи йўқ. Зеро, Ватан келажаги, тақдири бугунги ёшларнинг қай даражада камол топишига боғлиқ.

Машҳурахон Холиқова,
Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси



1 445
ЎзА