Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 13:23 Чоп этиш версияси

Ёши улуғларга ғамхўрлик – инсоний бурчимиз

Қизлархон момо 80 баҳорни қаршилади. У шу ёшга етгунча не-не кунларни кўрмади, қандай синовларни бошидан кечирмади. Аммо кексалик даври мустақиллик йилларига тўғри келганига шукроналар айтади.

– Зап яшайдиган замон келди-да, болам, – дейди Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшовчи Қизлархон момо Хўжабекова. – Ўз вақтида пенсия оламиз, доимо ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Оллоҳга шукрлар бўлсин, тўкин-сочинлик, тўқчилик...

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1991 йил 27 майдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунида ўз аксини топди.

Бош қомусимизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга»лиги белгилаб қўйилган.

2010-2015 йилларда мамлакатимизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни кучайтириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Шу йилларда кексалар ва пенсионерлар учун мўлжалланган 12 Саховат ва Мурувват уйи моддий-техник базаси, 14,6 минг ёлғиз кекса, пенсионер, ногиронларнинг турар жой шароитлари яхшиланди, 5,4 минг одам реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди, 6,4 минг ногирон ва пенсионер санаторияларда соғлиқларини тиклади.

Мазкур саъй-ҳаракатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан изчиллик билан давом эттирилаётир.

2016 йил 28 декабрда Президентимизнинг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унда “Нуроний” жамғармаси ходим-пенсионерларига пенсияларини тўла ҳажмда тўлаш, “Нуроний” жамғармаси марказий аппарати, унинг вилоятлардаги барча бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш, мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан таъминлаш белгиланган.

– Яна бир муҳим янгилик: фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимини киритиш ҳамда “Нуронийлар маскани” комплексларини яратиш ва уларда ўқув заллари, ҳордиқ хоналари, даволаш физкультураси, овқатланиш хоналари ва тиббий кабинетларни ташкиллаштиришдир, – дейди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари Шуҳрат Усмонов. – Фармонда белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан қизғин ишлар бошлаб юборилган.

«Нуроний» жамғармаси томонидан катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотни яхшилаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳафтада бир марта чоп этиладиган «Нуроний» газетаси ҳамда тез кунларда биринчи сони чиқадиган «Кексалик гашти» журналида нафақат жамғарма томонидан амалга оширилаётган ишлар, балки ёши улуғ инсонларнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳамда амалга оширган улуғ ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи материаллар бериб борилади.

Кексалар ва фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиш баробарида уларни ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш, ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Шаҳар ва туманларимизда фаолият кўрсатаётган 40 мингга яқин жамоатчилик гуруҳи турли соҳалар бўйича тажрибали мутахассислар, кўпни кўрган нуронийлар, олима аёллардан ташкил топган. Ушбу гуруҳлар мунтазам таълим муассасалари, турли давлат идоралари ва ташкилотларда ёшлар билан учрашиб, ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан уларга ўрнак бўлмоқда.

Жамғарма томонидан мунтазам равишда Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Маънавият тарғибот маркази сингари кўплаб ташкилотлар билан биргаликда маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилади.

Жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб пенсионерлар Тошкент метрополитени хизматидан бепул фойдаланаётгани мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганининг ёрқин намунасидир.

Наврўз байрами муносабати билан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар ва оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат байрам совғалари улашилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «биз бугунги камолимизда, ҳаёт йўлларида эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг беқиёс хизмати борлигини унутмаслигимиз, уларнинг оғирини енгил, ҳаётини фаровон қилишга интилишимиз лозим. Бу азиз инсонлар биз барпо этаётган янги жамиятни қуришда ўзларининг бой ҳаётий тажрибаси, ибрати ва ўгитлари билан катта ҳисса қўшаётганини, айниқса, қадрлашимиз даркор».

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 167






Все о погоде - Pogoda.uz