ЎзА Ўзбек

10.07.2018 11:47 Чоп этиш версияси

Ёш ёнғин ўчирувчи

Ёш ёнғин ўчирувчи
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари ташкилот ва муассасалар, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Ёш алангачи” оромгоҳида ўтказилган “Ёш ёнғин ўчирувчилар” викторинаси ҳам худди шу масалага бағишланди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси тарғибот гуруҳи томонидан ташкил этилган викторина ёш болалар билан боғлиқ ёнғинларни олдини олиш, ёнғин пайтида тўғри ҳаракат қилишга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, ёшларни ҳар томонлама баркамол, соғлом қилиб тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Бу каби тадбирлар ёнғинга бўлган онгли муносабатни ўқувчиларга ёшлигидан бошлаб шакллантиришга қаратилган, – дейди Китоб тумани ИИБ ЁХБ катта инспектори лейтенант Ҳусниддин Шаропов. – Боиси ёш авлод ёнғин хавфсизлиги қоидаларига болалигидан ўрганса, улғайгач бундай хатога йўл қўймайди.

Ўқувчиларга ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг салбий оқибатлари ва ўт ўчириш воситалари ҳақида тушунчалар берилди. Викторинада “Ҳалоскорлар” ва “Шунқорлар” жамоаси ўзаро баҳслашди.

Тўрт шарт асосида баҳс олиб борган иштирокчилар ҳар бир шартни бажаришда ўз билим ва тезлигига таянган ҳолда иш тутди. Айниқса, 3-шарт ёшлар учун соддалаштирилган ёнғин ўчириш эстафетаси барчада катта қизиқиш уйғотди. Айни мана шу мусобақага қатнашиш орқали ҳам ҳар бир тарбияланувчи ёнғин хавфсизлигига оид кўплаб маълумотларга эга бўлди.

“Ҳалоскорлар” жамоаси юқори балл тўплаб, ғолиб бўлди.

Тадбир сўнгида ғолиблар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ў.Баротов, ЎзА
9 426