Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 19:03 Чоп этиш версияси

Ёш қутқарувчилар мусобақаси

Навоийда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мусобақада 10 жамоа иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур мусобақа навқирон авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига оид билимини бойитиш, ёшларда фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгаларга ёрдам бериш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига оид билим ва кўникмасини бойитиш, ёш авлодда қутқарувчи касбига меҳр уйғотиш мақсадида таълим муассасаларида “Ёш қутқарувчилар” клублари фаолиятини йўлга қўйишга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Иштирокчилар соҳага доир билими, фуқаро муҳофазаси ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, чодир ўрнатиш ва 60 метр масофага тўсиқлар оша эстафетали югуриш каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.

Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Ёш қутқарувчи” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Кармана туманидаги 16-умумтаълим мактабининг “Халоскорлар” жамоаси иккинчи, Хатирчи туманидаги 5-умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 328






Все о погоде - Pogoda.uz