Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.11.2017 18:52 Чоп этиш версияси

Ёш тарғиботчиларга зарур тавсиялар

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан Республика ёш тарғиботчилар маркази тарғиботчилари учун ўқув семинари ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган семинарда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 170 га яқин ёшлар иштирок этди.

Қатнашчилар учун ҳуқуқий, фан-таълим ва маънавият йўналишлари бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда, машғулотлар ўтказилди. Унда малакали мутахассислар томонидан тарғиботчининг аудитория билан ишлаши, сиёсий-ҳуқуқий билими, юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини нечоғли тўғри тушунтира олиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштиргани, нутқ маданияти каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг қарор ва фармонларида белгиланган устувор вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида кенг тушунча берилди.

– Ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Навоий вилоятидан келган Д.Абдураҳимова. – Тарғибот тадбирларимизда чекка ҳудудлардаги ёшларни ҳам қамраб олиб, уларнинг қизиқиш ва муаммолари билан яқиндан танишишга ҳаракат қиламиз. Бу ишларни самарали олиб бориш учун вилоятимиздаги иқтидорли, фаол ва ташаббускор талаба-ёшларни ўзида жамлаган “Маърифатпарвар ёшлар” клубини ташкил этдик. Клуб аъзолари жойларга чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига турли фанлардан машғулотлар ўтказади. Тенгдошларига кўмаклашиб, эришаётган ютуқлари билан ўртоқлашади.

Семинарда Республика ёш тарғиботчилар марказининг кейинги йил учун иш режаси самарадорлигини оширувчи лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, китобга, билим олишга қизишини ошириш, бу йўналишда бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 840






Все о погоде - Pogoda.uz