ЎзА Ўзбек

30.08.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорларга кўмак берилади

Ёш тадбиркорларга кўмак берилади
«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури амалда

Пойтахтимизда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан «Солиқ хизмати – ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори» мавзусида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Унда Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги «Yoshlar –kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз ёшларининг бизнес билан шуғулланишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошламоқчи бўлган ёш тадбиркорларнинг муаммоларини эшитиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва келгусида солиқ хизмати – ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори бўлиб ишлашини таъминлашдан иборат эканлиги қайд этилди.

«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган тадбирларни 2018 йилда молиялаштириш учун жами 47 миллиард 811 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Пойтахтимизда бугунги кунга келиб, 1 минг 136 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари қатъий белгиланган солиқ бўйича жами 2,8 миллиард сўмлик имтиёзлардан фойдаланган.

Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтса, шу санадан эътиборан, фаолият турига қараб, қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Албатта бундай қулайликлар фаолиятини энди бошлаган ёш тадбиркорлар учун айни муддао бўлади.

Учрашувда ёш тадбиркорлар ўзларининг бизнес режаларини намойиш этди. Бундан ташқари, ёшлар томонидан ўз бизнес режаларини амалга ошириш ва фаолиятини кенгайтириш учун банклардан имтиёзли кредитлар олиш, тадбиркорликни бошлаш учун жой ажратилиши ва бошқа муаммоли масалалар ўртага ташланди.

Тажрибали тадбиркорларнинг бизнесни юритишдаги ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашилди, ёш тадбиркорларга зарур тавсиялар берди.

Тадбир давомида ёшлар олдида турган тўсиқлар ўрганиб чиқилган ҳолда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳар бир ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбарларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошламоқчи бўлган 10 нафардан ёшлар бириктирилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 509