ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар учун маҳорат дарслари

Ёш тадбиркорлар учун маҳорат дарслари Наманганда ёш тадбиркорлар учун “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорлар фаолиятида учраётган турли муаммоларни бартараф этиш, тажриба алмашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси, “Paynet”, “Le Bazar”, “DEKOS”, “Deli”, “Murad Buildings”, “Ground Zero”, “Edu-Action”, “Fiori Flower Boutique”, “Nestle Uzbekistan” сингари корхона ва ташкилотлар вакиллари ёш тадбиркорлар учун бизнес юритиш, унда мақсад ва муваффақиятга эришишнинг назарий-амалий омиллари, тадбиркорлик фаолияти, менежмент ва маркетинг, бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш ҳамда уни амалиётга татбиқ этишнинг замонавий механизмлари бўйича маҳорат дарслари ўтказди.

15.jpg

– Қўзиқорин етиштириш ва ундан доривор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида анчадан буён ўйлаб юраман, – дейди Чортоқ тиббиёт коллежи ўқувчиси Л.Юсупова. – Ишни нимадан бошлашни билмай тургандим, бугунги тадбирда бу борада ўзим учун кўплаб керакли ва фойдали маълумотлар олдим. Ўқишни битиргунимга қадар бизнес режа тузиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга тайёрланиб бораман.

Тадбирда меҳмонлар ёш тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази, “Истиқлол дизайн маркази”, “Аisha Home Textile” сингари бир қатор давлат муассасалари ҳамда илғор саноат корхоналари фаолияти, вилоят марказининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. 

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
7 543