Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.06.2018 19:21 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар учун имтиёзлар

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ўтказилган матбуот анжумани инновацион тадбиркорликни жорий қилиш, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбир мамлакатимиз ёшларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли микрокредитлар билан таъминлаш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

«Ўзмиллийбанк» ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга кўра, юртимиз ёшларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг ўз фаолиятини якка тартибда йўлга қўйишига кўмаклашиш, уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва шу орқали касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар учун имтиёзли кредитлар ажратиш асосий вазифалардан этиб белгиланган.

– Бугунги кунга қадар меморандум бўйича умумий қиймати 3456,1 миллион сўмлик лойиҳа танлаб олинган, – деди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси У.Валиев. – Бу каби лойиҳалар учун 720,8 миллион сўмлик кредитлар ажратилган. Банкимиз ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг қўшма қарорига асосан тасдиқланган низом ҳам тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Низом бўйича банк томонидан ёш тадбиркорларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар ҳисобидан кредит ажратилади. Унда юридик шахс мақомига эга бўлган ёш тадбиркорларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 минг ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлмаган ёш тадбиркорларга энг кам ойлик иш ҳақининг 1 минг бараваригача миқдорда олти ойгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатгача кредит ажратилиши белгилаб қўйилган. Албатта, бу имтиёз ҳам ёшларга қулай имкониятдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 122