ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар Хитой тажрибасини ўрганди

Хитой Халқ Республикасининг “Умумжаҳон ёшларни ривожлантириш форуми” ташкилоти ижрочи президенти Си Лью хоним бошчилигидаги делегация 30-31 август кунлари Бухоро вилоятида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши жойлашган Ёшлар маркази фаолияти билан танишди. Мамлакатимизда навқирон авлодни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ушбу марказда ёшларнинг қобилиятини аниқлаш ва уни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилгани таҳсинга лойиқ, – дейди Си Лью хоним. – Бу ерда ёшлар турли йўналишдаги тўгарак ва залларда бўш вақтини мазмунли ўтказаётгани ва ўз интеллектуал салоҳиятини ошираётганини кўрдик.

Ёшлар марказида “Бизнес таълимнинг замонавий йўналишлари: Хитой тажрибаси” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Унда олий ўқув юртлари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, шунингдек, Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан ёш тадбиркорлар иштирок этди.

Семинарда меҳмонлар ёшларга Хитойда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги тажрибаларни сўзлаб берди. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда бизнес соҳасида муваффақиятга эришаётган хорижлик ёшлар ўз ютуқлари билан ўртоқлашди. Хитой кичик бизнесни ривожлантиришда Европа мамлакатлари, АҚШ ва бошқа давлатлар тажрибасига таянган ҳолда, ўзига хос модел танлагани, Хитой ва Ўзбекистон ёш тадбиркорларининг ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Хитой делегацияси аъзолари Бухоронинг қадимий меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 648