ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркор депутат кўмагида кредит олди

Ёш тадбиркор депутат кўмагида кредит олди

Тўрткўл тумани «Тўрткўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Муниса Эгамбердиева Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги OʼzLiDeP фракцияси аъзоси Жўрабек Бекчанов кўмагида имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш борасида кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Шунга қарамасдан 27 ёшли Муниса тадбиркорлик фаолиятини бошлашда маблағдан анча қийналди. Шу боис ушбу ҳудуддан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Жўрабек Бекчановга банкдан кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

photo_2020-06-30_19-47-44.jpg

Депутат ёш тадбиркорнинг мақсади ва келгуси режалари билан яқиндан танишди. Халқ вакили мурожаат юзасидан акциядорлик тижорат «Агро банк»нинг туман филиалидан «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури асосида 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатди.

– Бу менга ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, – дейди Муниса Эгамбердиева. – Мурожаатим ижобий ҳал қилингани учун депутатга ўз миннатдорлигимни билдираман. Мақсадим туманда паррандачиликни ривожлантириб, ёшларнинг бандлигини таъминлаш. Тенгдошларимга маслаҳатим ҳозирги пандемия даврида уйда бўш ўтирмасдан ўзини-ўзи банд қилиб тадбиркорлик билан шуғуллансин.

1 726
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА