ЎзА Ўзбек

08.01.2018 19:17 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркор Азиза Орифбоева: "Президентимиз Янгийўлга ташрифлари чоғида менинг ҳам муаммоларимни тинглади"

Ёш тадбиркор Азиза Орифбоева: "Президентимиз Янгийўлга ташрифлари чоғида менинг ҳам муаммоларимни тинглади" Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида ҳар гал оддий одамлар билан мулоқот қилади, уларнинг турмуш шароити билан қизиқади, қийнаётган ташвиш ва муаммоларига алоҳида эътибор қаратади.

Жорий йил 5 январь куни Тошкент вилоятига қилган навбатдаги ташрифи чоғида ҳам Президентимиз ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан танишиб, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Янгийўл шаҳрида жойлашган “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан мулоқот ҳам самимий руҳда ўтди. Учрашув маҳалла аҳлига бир олам завқ бағишлаш билан бирга, уларни тўлқинлантириб юборди, ҳаётга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади.

7.JPG

– Ҳар бир она фарзандининг соғ-саломат улғайишини, замонавий таълим олиб, қайси соҳани эгалламасин, жимиятга керакли шахс бўлиб камолга етишини истайди, шундагина ўзини бахтли ҳис қилади, – дейди уй бекаси Гулнора Исмоилова. – Юртимизда истеъдодли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг ўз қобилият ва салоҳиятини юзага чиқаришга доимий эътибор қаратилмоқда. Узоққа бормайлик, ўз ҳаётим мисолида айта қолай. Қаранг, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ўғлимнинг дарсларни қандай ўзлаштираётганига эътибор қилмабман, спортга, айниқса, футболга қизиқишини болалик шўхлигига йўйибман. Мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчиси “Ўғлингиз Комилжон машғулотларда фаол қатнашади. Унинг тўп билан қиладиган турли ҳаракатларини бир кўрсангиз, кўзингиз қувонади. Ўз устида ишлаб чарчамайди. Келгусида маҳоратли футболчи бўлиши учун махсус футбол мактабига бериш зарур”, деган маслаҳатидан сўнг ўйланиб қолдим. Кейин бир неча бор соҳа мутахассисларига мурожаат қилдим. Бироқ, баъзи масалалар туфайли ижобий ҳал бўлмай келаётганди. Бугун давлатимиз раҳбари ўзлари бизнинг олдимизга келиб, муаммоларимизни тинглади, жумладан, ўғлим билан боғлиқ мени қийнаётган масалани бир пасда ижобий ҳал этиб берди. Бундан жуда хурсандман, ҳозир теримга сиғмай кетяпман. Ишонгим келмайди, мендай оддий бир фуқарони давлат раҳбари шахсан тингласа-ю, ечимини топиб берса!? Ўғилгинам “Бунёдкор” болалар ва ўсмирлар футбол мактабига қабул қилинди. Ишонмассиз, мен ҳозир осмондаман, еттинчи осмонда! Комилжонимнинг хурсандчилигини кўрсангиз, фуқаропарвар шундай Президентни етказганига беҳисоб шукроналар айтасиз. Кечалари тўпни қучоқлаб ухлаяпти. Насиб қилса, ҳали зўр футболчи бўлади, Президентимизнинг ишончини оқлайди.

2 (1).JPG

– Мамлакатимизда ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ёш тадбиркор Азиза Орифбоева. – Дадам вафот этгач, рўзғор юмушларини ёлғиз ўзи қилаётган онамга осон бўлмади. Коллежни 2016 йилда тамомлаганимдан сўнг, онамга кўмаклашиш мақсадида Халқ банкининг ҳудудий бўлимидан 25 миллион сўм кредит олдим. Ҳозир Янгийўл шаҳар деҳқон бозори ҳудудидаги янги дўконимизда нон ва нон маҳсулотлари билан савдо қиламан. Бироқ, сўнгги пайтларда оилавий шароитимизда юзага келган турли муаммолар, онамнинг тез-тез саломатлиги ёмонлашаётгани туфайли банкдаги кредит тўловларини вақтида тўлашга бироз қийналдим.

Президентимиз Янгийўлга ташрифлари чоғида менинг ҳам муаммоларимни тинглаб, “Қизим, ҳали кўп бахтли кунларинг олдинда. Ёш бўлишингга қарамай, яхши ният билан ўз тадбиркорлигингни бошлабсан, хурсанд бўлдим”, деб мени бағрига босди. Ўзимни худди отамнинг бағридагидай ҳис қилдим, кўзимдан қувонч ёшлари тинимсиз оқади, денг. Аслида ҳам шундай-да. Биз, ёшлар барча соҳада яхши натижаларга эришишимиз учун ҳар томонлама шароитлар яратиб бермоқда. Куни кеча Янгийўл шаҳри ҳокимлиги томонидан оиламизга моддий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик фаолиятимни янада ривожлантириш масалалари ижобий ҳал килинадиган бўлди. Бунинг учун оддий инсонлар ташвиши билан яшаётган, одамларга ғамхўр бўлиб, оғирини енгил қилиш йўлида астойдил қайғураётган Президентимиздан миннатдорман.

Абдулазиз Мусаев, Ёлқин Шамсиддинов (фото), ЎзА
12 312