ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ёш робототехниклар

Ёш робототехниклар

Чуқур, пухта ва мукаммал таълим, ҳар бир ёшнинг ўз устида қаттиқ ишлаши, эгаллаётган касбининг сиру асрорларини ипидан-игнасигача чуқур ўрганиши унинг билим даражасини оширади. Инсоннинг жисмоний ва ақлий қобилиятини кўтаради. Пировардида жамиятда мураккаб ишнинг ҳам уддасидан чиқа оладиган юқори малакали янги ишчи кучи юзага келади.

Бу меҳнат самарадорлигининг ошишига, аҳоли даромадининг ўсишига олиб боради. Инсон капитали тушунчасидаги муҳим факторлардан бири ҳисобланган соғлиққа эътибор эса касаллик ва ўлимни қисқартириб, инсон умрини узайтиради, меҳнатга яроқли аҳолининг хизмат қилиш муддатини оширади. Шундай қилиб, инсон капитали бу – истеъдодлардан ташқари, ҳар бир инсон томонидан тўпланган илм, билим, малака, тажриба ва сифатлар йиғиндисидан иборат. Тараққиёт йўлига кирган жамиятда биринчи бўлиб инсон капитали сезиларли даражада ортади.

Яна бир гап, эътибор берган бўлсангиз, аҳолининг илми, билими, малакаси, меҳнат унумдорлиги етарли даражада юқори бўлмаган, бунинг натижасида жамиятни бошқаришда моддий ва молиявий қийинчиликларга дуч келаётган айрим давлатлар (Россия Федерацияси) инсоннинг қанча умр кўришидан қатъий назар, иш вақтини оширишга, қарияларни нафақага чиқариш муддатини узайтиришга мажбур бўлмоқда.

Яна бир муҳим масала: йиғилишда олий таълим ва илм-фан соҳасида салмоқли ютуқларга эришган хориждаги ватандошларимизни юртимизда мутахассислиги бўйича фаолиятга жалб қилиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Илм одамининг, академик олимлар, профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, талабаларга замонавий шарт-шароит яратиш, улар орасидан бўлажак илм-фан вакилларини топиб, камолга етказиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Илмий-тадқиқотларни молиялаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Хўш, муҳокама қилинган бу муҳим, долзарб, айни пайтда мураккаб масалалар бўйича шу кундаги вазият, аҳволимиз қандай?

Ўзбекистон Миллий университетида касбий таълим, малака ошириш, тор мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув марказларини бирлаштирувчи ягона Академия ташкил этилмоқда. Унда замонавий ва талаб юқори мутахассисликларга бўлган кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилди. Инновацион ишланмаларни жорий этиш бўйича илмий-амалий Марказ ташкил қилинди ва йўналишлар бўйича илғор технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар очилди. Мирзо Улуғбек номидаги математика, физика, астрономия ва информатика фанларига ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ташкил этилди.

“Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” Концепция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Нукус туманида 12 турдаги шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ҳамда 25 турдаги манзарали дарахтлар кўчатлари, 10 турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилди ва “Мўйноқ илмий-ишлаб чиқариш участкаси” ташкил этилди.

Япониянинг OYO корпорацияси билан ҳамкорликда чўл ўсимликларини экиш бўйича мутлақо янги, ёпиқ илдизли тизимда саксовул етиштириш технологияси ишлаб чиқилди. “Мўйноқ” участкасида 3 минг дона блок-инкубаторлар тайёрланди. “Medical Manufacture Center” МЧЖ қўшма корхонаси билан ҳамкорликда Марказий Осиёда биринчи инновацион тиббий буюмлар ва имплантлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда.

Янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқиш бўйича Туркиянинг илмий технологик тадқиқотлар кенгаши “TUBITAK” ташкилоти ҳамда Қозоғистоннинг Назарбоев университети билан ҳамкорликда технологик стартаплар учун “Tech Central Asia Tashkent” акселерацион дастури ишга туширилди.

Тошкент темир йўл муҳандислари институти базасида бу йил “Янги инновациялар асосида дронларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш” янги таълим йўналиши бўйича талабалар қабул қилинди ҳамда факультет ташкил этилди. “Valmont Industries” АҚШ корхонаси билан биргаликда “Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги далаларини инновацион суғориш тизими трансфери жорий этилмоқда. Ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида Ҳиндистон ва Хитой компаниялари билан ҳамкорликда “Бизнес-акселератор” ўқув-амалий маркази ташкил этилди.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги узумчиликка ихтисослашган “Тасмачи”, “Олтинобод” ва “Учқора” МФЙ ҳудудларида Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда меваларни инновацион усулда энергиятежамкор қуритиш лойиҳаси амалиётга жорий этилди.

Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан Хатирчи туманида етиштириб келинаётган “Оқ дум” ва “Қизил дум” номли ноёб узум барги намуналаридан геном ДНК ажратилиб, микросетеллитмаркерлар ёрдамида генотипик жиҳатдан ўрганилди. Лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, “Оқ дум” нави тозалиги 75 %ни, “Қизил дум” узум нави тозалиги эса 80 %ни ташкил қилгани аниқланди ва “In vitro” усулида тайёрланган узум кўчатлари Хатирчи туманидаги фермер хўжаликларига тарқатилди.

Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида хусусий капитал асосида инновацион марказлар очилмоқда. Ҳудудларда давлат- хусусий шерикчилиги асосида инновация марказларини ташкил қилиш тизими ишлаб чиқилди. Термиз, Наманган, Фарғона, Урганч ва Нукус шаҳарларида инновация марказлари ташкил қилинмоқда.

Бугунги кунда иккита Инвестиция компанияси (Венчур Капитал Инвества Ўзбек-Амирлик Инвест компанияси) ташкил этилди. Хориж тажрибаси асосида соҳани фаол ривожлантириш учун маслаҳатчи сифатида Корея Республикасидан юқори малакали эксперт Ким Жонг Хён жалб қилинди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган “International Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда иқтидорли ёш робототехниклар ўртасида “RoboCUP” мусобақаси ўтказилди. Мусобақаларнинг икки нафар ғолиби Хитойда ўтказилган Нобель мукофоти совриндорлари иштирокида ташкил этилган “Asian Science Camp” тадбирида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. “RoboFootball” йўналиши бўйича яна икки нафар ғолибга имтиёз асосида Тошкентдаги Турин политехника университетига ўқишга кириш ҳуқуқи берилди.

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ташкил этилди. Марказда робототехника ва мехатроника, учувчисиз парвоз этувчи қурилмалар, 3D прототиплаштириш, аэрокосмик, саноат соҳасидаги интернет буюмлари, 5G янги авлод тармоқлари лабораториялари фаолият юритмоқда. Марказ, шунингдек, ғоялар генераторлари, стартаплар, бизнес вакиллари ва бўлажак академиклар платформаларини ўз ичига олади. Тошкент вилоятидаги Улуғбек посёлкаси илмий шаҳар мақомини олди. Сон ўзгаришлари маълум бўлган қонунлар асосида сифат ўзгаришларига олиб келмоқда.

Яна бир янгилик. Республикамизда маориф тизимини янада тараққий эттириш бўйича Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида битим имзоланди. Бу битим асосида Ўзбекистонга маориф тизимини ривожлантириш учун 5 йил муддатга 50 миллион доллар маблағ ажратилади. Шундан 19,5 миллион доллари келиб тушди. Маблағлар бошланғич синфларда мутолаа ва математика фанларини ўргатишни яхшилаш, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ва инглиз тилини ўрганишга йўналтирилади. Америкалик ҳамкорлар томонидан мактабларда инглиз тилини ўрганишни янада такомиллаштиришга қўшимча 5 миллион доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Олимлар, тадбиркорлар ва ташаббускор ёшларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ёшлар академияси ташкил этилди. Мазкур академия тизимли равишда иқтидорли олимларнинг янги авлодини тайёрлаш масалалари билан шуғулланади. Мамлакатимиз ялпи тараққиётининг гарови бўлган инсон капитали янги поғонага дадил қадам қўймоқда, деб ишонч билдирса бўлади.

1 534
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА