Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Ёш қонуншунослар клуби ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти қошида «Ёш қонуншунослар клуби» ташкил этилди.

Қуйи палатада клуб фаолияти, мақсади ва вазифалари, унинг ёшлар қонуншунослигида тутган ўрнига бағишлаб ўтказилган тадбирда депутатлар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши аппарати ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирда ёшларни мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларга кенг жалб қилиш, ислоҳотлар жараёнида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига ёшлар эркин кириб чиқадиган муҳит ва шароит яратилиши зарурлиги, улар қонун қабул қилиш жараёнларидан бошлаб, партиялар ўртасида рақобат бўладиган мажлис ва тортишувларни ўз кўзи билан кўриши ва депутатлар билан мулоқот қилиши лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг қарори асосида “Ёш қонуншунослар клуби” тузилди. Клуб институт ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, олий таълим муассасалари талабалари ва иқтидорли ёшлар вакилларидан иборат.

Клубнинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасида қонун ижодкорлиги ва қонунчиликни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, қонунчилик техникаси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик-техник расмийлаштириш қоидалари, норма ва ҳуқуқ ижодкорлиги масалалари бўйича илмий-амалий муҳокамаларни жорий этишдан иборат.

– Парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини ўрганиш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўзаро фикр алмашишда бу клубнинг роли катта бўлади, деб ўйлайман, – дейди Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими Валишер Давлатов. – Бу клуб ёш ҳуқуқшунослар учун яна бир имконият эшикларини очади. Биз берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, билим ва салоҳиятимизни ишга солган ҳолда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда ёшлар манфаатини, хоҳиш ва истакларини ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда содир бўлаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиб, ҳуқуқий билимларимизни янада бойитамиз.

Тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, ўқув хоналари, кутубхона ҳамда миллий парламент тарихи билан яқиндан танишди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 894