ЎзА Ўзбек

12.07.2019 12:43 Чоп этиш версияси

Ёш олимлар Санкт-Петербургда малака оширди

Ёш олимлар Санкт-Петербургда малака оширди

Андижон машинасозлик институтининг бир гуруҳ ёш профессор-ўқитувчилари Санкт-Петербург политехника университетида малака ошириш дастурини муваффаққиятли якунлаб қайтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Академик инновациялар фонди кўмагида Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг синергетик интеграциясини яратиш”, шунингдек, “Мехатроника ва робототехника йўналиши ўқув дастурларини инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар асосида модернизация қилиш” лойиҳалари доирасида Санкт-Петербург политехника университетида ташкил этилган икки ҳафталик малака ошириш дастурида Андижон машинасозлик институтининг ёш олимлари муваффақиятли иштирок этди.

3.jpg

Иштирокчилар қисқа муддат давомида Санкт-Петербург политехника университетининг илмий-тадқиқот институтлари, ишлаб чиқариш марказлари ва корхоналарида бўлиб, назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, таълимга инновацион ғоялар ва рақамли технологияларни татбиқ этиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди, бу борадаги тажрибаларни ўрганди.

Юқорида қайд этилган лойиҳалар доирасида икки олий ўқув юрти ўртасида меморандум имзоланди, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

– Ушбу малака ошириш дастурида қатнашиб, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон машинасозлик институти ўқув-услубий бўлими бошлиғи Музаффар Жўрахонов. – Бу албатта, фаолиятимизга халқаро миқёсда эътироф этилган илғор услуб ва тажрибаларни татбиқ этишда бизга ёрдам беради.

Малака ошириш дастурини муваффақиятли якунлаган андижонлик ёш олимлар махсус гувоҳнома ва сертификатга эга бўлди.

4.jpg

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ олган суратлар, ЎзА