Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 20:49 Чоп этиш версияси

Ёш оилаларга уй топширилди

1.JPG

Навоий вилояти Кармана тумани Талқоқ маҳалласида ёшлар учун барпо этилган уйларнинг калити ўз эгаларига топширилди. 64 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли кўркам бинога ёш оилалар кўчиб кирди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Навоий вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

3.JPG

Давлат ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этаётган, фан, таълим, маданият, спорт, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришаётган, республика ҳамда халқаро олимпиадалар, мусобақалар, фестивалларда фаол қатнашаётган ёшларни рағбатлантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган “Ёшлар уйлари” замонавий лойиҳалар асосида қурилган. Хонадон соҳибларига уйнинг тўлови учун бошланғич бадалсиз, 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити ажратилади.

Замонавий турар жой бунёд этилишига “Зарафшон овози” ва “СМУ-10” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари муносиб ҳисса қўшди. Кўп қаватли уйлар атрофида “Китоб олами” савдо мажмуаси, “Ёшлик” болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, турли савдо иншоотлари ҳам барпо этилди.
Навоий давлат кончилик институтида таҳсил олган Адиз Хўжаев ҳозирда Навоий иссиқлик электр станцияси буғ-газ қурилмаси цехида назоратчи-машинист бўлиб ишлайди. 2015 йилда “Юрт келажаги” танловининг техник ишланмалар йўналишида ғолиб бўлган. Турли фестиваль ва танловларда муваффақиятли иштирок этган. У ютуқлари туфайли оила қурганидан сўнг мана шундай имтиёзли тўловга асосланган уй-жой эгасига айланди.

8.JPG

– Бугун оиламиз учун қувончли кун бўлди, – дейди Адиз Хўжаев. –Биз ёшларга қаратилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз. Келажакда бу уйларда камолга етадиган фарзандларимиз ҳам шу юртга муносиб инсонлар бўлиб улғайишига ишонаман.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА Сирож Аслонов олган суратлар
6 639