Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.08.2017 13:42 Чоп этиш версияси

Ёш мутахассислар форуми

Ёш мутахассислар форуми "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси ва Ўзбекистон нефть-газ ва геология ходимлари республика касаба уюшмалари кенгаши томонидан "Баркамол ёш мутахассис – қудратли юрт таянчи" мавзусида ёш мутахассислар форуми ўтказилди.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз нефть-газ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган 300 дан зиёд ёшлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ўтказилган форумда навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароитлар яратилиб, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимизнинг етакчи тармоқларидан бўлган нефть-газ тизимида 40 мингга яқин ёш мутахассис самарали меҳнат қилмоқда.

Форум доирасида журналистлар ва тадбир иштирокчилари учун медиа-тур, мамлакатимиз нефть-газ тармоғининг йирик ишлаб чиқариш объектларига саёҳат ташкил этилди, семинар ва тренинглар ўтказилди. Медиа-турда “Шўртан газ-кимё” мажмуаси масъулияти чекланган жамиятига саёҳат уюштирилди.

2001 йилда мажмуанинг ишга туширилиши билан нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида йирик газ-кимё тармоғига асос солинди. Корхонада илк бор этан, пропан, бутан ва табиий газ ажратишни таъминлайдиган табиий газни қайта ишлашнинг криоген технологияси қўлланилди. Ҳозирда мажмуада ажратиб олинадиган этан асосида этилен, сомономер ва полиэтилен ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Мажмуада ишлаб чиқарилаётган полиэтиленнинг 60 фоиздан ортиғи Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

13 (2).jpg

– Мамлакатимиз нефть-газ тармоғи келажакда янада кенгаяди дейиш учун барча асослар бор, – дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бош бошқармасининг ягона техник сиёсати бўлими мутахассиси Санжар Бердиев. – Келгуси йиллар учун энг муҳим йўналишлардан бири замонавий нефть-кимё соҳасини яратиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимини кенгайтиришдан иборат. Компанияда бу мақсадларга эришиш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада Президентимизнинг 2016 йил 28 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган 2016-2020 йилларда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтириладиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Дастурга кўра, умумий қиймати 30,4 миллиард долларга тенг 78 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2016 йилдан бошлаб Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланган. “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа нефть-газ индустрияси гигантлари қаторидан муносиб ўрин олади. 2020 йилда йирик лойиҳалардан бири – “Шўртангазкимёмажмуаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард кубметр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан “Евро-5” талабларига мос 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Унинг 743 минг тоннаси дизель ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиокеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газдир.

Тадбир доирасида мамлакатимиз нефть ва газ соҳаси фахрийлари, тажрибали мутахассислар ва ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди.

– Мазкур ташкилотда 15 йилдан буён ишлайман, – дейди “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг биринчи тоифали муҳандиси Гулнора Орипова. – Тошкент давлат техника университети (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети) да ўқиб юрган кезларимдаёқ, ушбу компанияда техник лавозимда фаолият бошлаганман. Ёш мутахассислар форуми нефть-газ ташкилотлари тизимида илк бор ташкил этилишига қарамай, ёш мутахассисларнинг кейинги фаолияти учун жуда аҳамиятли бўлмоқда. Боиси, форум доирасида ташкил этилган ўқув-семинарлар, тренинглар, давра суҳбатларида билимимиз янада ошди. Масалан, уч авлод учрашувида “Ўзбекнефтгаз” тизимида узоқ йиллар фаолият юритган ва бугунги кунда намунали ишлаб келаётган тажрибали устозлар билан суҳбатлашдик. Улар ўз фаолияти давомида эришган ютуқлари, ўша пайтларда бошдан кечирган машаққатлари, қийинчиликлари ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга йўл-йўриқлар кўрсатди. Уларни тинглар эканмиз, бугунги тараққиётга осонликча эришилмаганини, биз ёшлар бунинг қадрига етишимиз кераклигини яна бир бор чуқур англадик.

5 (2).jpg

– Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиалини битириб, тўрт йилдан буён ўз мутахассислигим бўйича ишлаб келмоқдаман, – дейди “Бухоро геофизика экспедицияси” акциядорлик жамияти геофизиги Улуғбек Эшонов. – Ҳали билим ва малакамни янада оширишим зарурлигини яхши биламан. Форумда бунга яна бир бор амин бўлдим. Бу ерда соҳанинг етакчи мутахассислари, академиклар билан суҳбатлашдик, тизимдаги янгиликлар, ўзгаришлар, соҳани ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд муаммолар хусусида фикр алмашдик. Бу барчамиз учун ғоят фойдали бўлди.

Форумда “Ёш мутахассисларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлашдаги долзарб масалалар”, “Ёшларнинг инновацион ғоялари ва рационализаторлик ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётга татбиқ этишнинг долзарб масалалари”, “Ўзбекистонда нефть-газ индустриясининг муваффақият тарихи, ривожланиш истиқболлари”, “Ўзбекнефтгаз” тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш” мавзуларида маърузалар тингланди. “Ёш мутахассисларда ижтимоий фаолликни ошириш”, “Мустақил фикрлаш ва қатъий позицияга эга бўлиш кўникмасини шакллантириш”, “Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари”, “Ёш мутахассисларда етакчилик қобилиятини ривожлантириш” мавзуларида ўқув-машғулотлар ўтказилди.

Форум доирасида турли спорт ўйинлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, вилоятдаги тарихий қадамжоларга саёҳатлар уюштирилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 145






Все о погоде - Pogoda.uz