ЎзА Ўзбек

04.04.2018 11:47 Чоп этиш версияси

Ёш мусиқачиларнинг санъат байрами

Пойтахтимизда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган "Наврўз садолари" IV халқаро кўп овозли миллий чолғулар ансамбль ва оркестрлари мусиқа фестивали ўқувчи-ёшларнинг чинакам санъат байрамига айланди.

Мамлакатимизда ҳар йили ранг-баранг мусиқий лойиҳалар тизимли тарзда ташкил этилаётгани истеъдодли ёшларни доимий қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини кенгайтириш, санъатга оид таълимни давр талабига монанд такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон давлат консерваториясида кўтаринки ва байрамона руҳда бўлиб ўтаётган "Наврўз садолари" фестивалида ўзбекистонлик ёшлар билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Мўғулистон сингари давлатларнинг ёш мусиқачилари ҳам иштирок этмоқда.

– Бундай фестивалда биринчи марта қатнашаётган бўлсам-да, ўзбекистонлик мусиқачилар, педагоглар, тенгдошларим менга ўз қадрдонларидек муносабатда бўлмоқда, – дейди қирғизистонлик ёш мусиқачи Алиман Сартбаева. – Тошкент кундузи ям-яшил, озода, кўркам шаҳар бўлса, унинг оқшомги қиёфаси янада чиройли, камалакранг тусдаги безакли чироқлар билан бетакрор афсонавий кўринишга кирар экан. Ўзбек ва қирғиз мусиқа чолғулари деярли ўхшашлигини англадим. Фестивалда ўзбек бастакори Муҳаммаджон Мирзаевнинг "Завқим келур" асарини ижро этдик. Ўз номи билан ғоят завқли бу куй мусиқа мухлисларига манзур бўлганидан мамнунман.

"Наврўз садолари" фестивалининг навбатдаги кунида кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари, оркестр синфи, дирижёрлик ва чолғу ижрочилиги бўйича маҳорат сабоқлари, орган мусиқаси концерти бўлиб ўтди.

Н.Усмонова, ЎзА
5 485